Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда
Самарқанд шаҳрида Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Дўстлик фестивали” ўтказилди.
Тадбирда вилоятдаги миллий маданият марказлари, турли миллат ва элатлар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Б.Каримов фестиваль иштирокчиларини халқлар дўстлиги куни билан табриклаб, юртимизда қарор топган миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик Янги Ўзбекистон тараққиёти, жамиятдаги барқарорликнинг асосий омилларидан бири эканлигини таъкидлади.
Хусусан, Самарқанд вилоятида бугунги кунда 11 миллий маданият маркази, битта дўстлик клуби фаолият кўрсатмоқда. Вилоятдаги таълим муассасаларида ўқувчи ва талабалар ўзбек, рус, тожик тилларида таҳсил олмоқда. Барча миллат ва элатлар вакилларига ўз тили, маданияти, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши ҳамда давом эттириши учун имкониятлар яратилган. Улар турли байрам ва маросимларни бошқа миллатлар вакиллари билан биргаликда, бир оила аъзоларидек нишонлашади.
[gallery-30643]
Фестивалда миллий-маданият марказлари ходимлари, турли миллатлар вакиллари вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 30 июль Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланади, – деди Самарқанд вилояти тожик ва тожикзабонлар миллий маданият маркази раиси Шуҳрат Саматов. – Мамлакатимизда ҳам сана муносабати билан турли тадбирлар, дўстлик фестиваллари ўтказиш яхши анъанага айланди. Бу заминимизда яшаётган турли миллатлар ўртасидаги аҳил-иноқликни янада мустаҳкамлаб, барчамизни она Ватанимиз – жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида ҳамжиҳат бўлишга чорлайди.
Фестивалда турли миллатлар куй-қўшиқлари, анъанавий маросимлари намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари