Қўшнилар ўртасидаги низо
Кўпчилигимиз кўп қаватли турар жойларда яшаймиз. Қўшнилар билан йўлакда ёки уй атрофида учрашиб, сўрашамиз. Кириб-чиқиб, қадрдонлардек бўлиб кетамиз. Ҳатто битта йўлакдаги қўшнилар билан қуда-анда бўлиб кетганлар ҳам бор.
Баъзида эса бунинг акси ҳам бўлиб турар экан.
Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Иброҳим ота маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи қўшнилар Шарофат Ҳамроева билан Лобар Исоқова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўртасидаги низо беш йиллик “тарих” га эга экан.
Гап шундаки, Шарофат Ҳамроева битта йўлакда яшовчи қўшниси Лобар Исоқовани мунтазам равишда ҳақорат қилган. Ҳатто уриб, дўппослаган. Натижада Шарофат Ҳамроева жиноий жавобгарликка тортилган.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Икки аёлнинг ҳам ёши катта. Улар ёшларга панд-насиҳат қиладиган, тўғри йўл кўрсатадиган, ўрнак бўладиган ёшда аслида.
Яқинда Лобар Исоқова даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, жавобгар мунтазам равишда жанжаллар чиқариб, уни ва оиласини ҳақорат қилишини, таҳқирловчи сўзлар билан обрўсига путур етказганини маълум қилди. 2025 йил 18 апрелда содир бўлган жанжалда профилактика инспекторини чақирган. Жавобгар унга таҳдид қилиб, уйидан олиб чиқиб, сочидан тортиб, урган. Шу ҳолат бўйича Шарофат Ҳамроева 2025 йил 25 ноябрдаги суд ҳукми билан жиноий жазога тортилган. Судда маънавий зарарни ундириш масаласи бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш тушунтирилган.
Шу боис, шаъни ва қадр-қимматига путур етганини, амалдаги қонунчилик талабларига асосан жавобгар маънавий зарарни қоплаши лозимлигини баён қилиб, суддан жавобгардан жиноят оқибатида етказилган 100.000.000 сўм маънавий зарар ва суд харажати ундиришни сўради.
Ўз навбатида, Шарофат Ҳамроева ҳам маънавий зарар кўрганини баён қилиб, суддан жавобгардан 200.000.000 сўм маънавий зарар ва суд харажатини ундиришни сўради.
Суд мажлисида сўралган даъвогар Лобар Исоқова жавобгар ва унинг синглиси оилавий тинчлигини бузиб, доимий равишда уни телефонга тасвирга олишини, бу тасвирларни ижтимоий тармоқларга жойлаб, обрўси ва шаънига путур етказувчи ҳақоратли, таҳқирловчи сўзларни тарқатиш билан шуғулланишини маълум қилди.
Қўшнилар ва маҳалла аҳли ўртасида уни ёмонлаб, хулқи ёмон аёл сифатида таърифлашини, бу ҳолатлар мунтазам давом этишини, маҳалла вакиллари иштирокида бу масала бир неча марта кўриб чиқилганини, лекин ижобий ҳал қилинмагани сабабли судга мурожаат қилиб, сиқилишлари, оила аъзолари ва қўшнилари ўртасида обрўсизлантирилгани учун айбдор қўшнисидан маънавий зарарни ундиришни сўраган.
Суд мажлисида сўралган жавобгар Шарофат Ҳамроева даъво талабини тан олмади. Аксинча, қўшниси Л.Исоқова хулқи бузуқ, уйига бегона эркакларни олиб келадиган, қўшнилар ва оила аъзоларидан уялмайдиган, бу ҳақда унга танбеҳ берилганда эса, барча қўшнилар билан жанжаллашиб, уни ҳам ҳақорат қилиб, кекса ёшдаги онаси ва фарзандлари олдида обрўсига путур етказиб, унга ҳам маънавий зарар етказганини, “рост гап туққанингга ҳам ёқмайди” нақл билан ростгўйлиги учун зарар кўрганини баён қилиб, уни қарши даъвосини қаноатлантиришни ва жанжалкаш қўшнисидан маънавий зарар ундириб беришни сўраган.
2025 йил 20 апрелда жавобгар Шарофат Ҳамроева ўзга шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан ижтимоий ахборот тармоғи орқали қасддан таҳқирлаш мақсадида, “телеграмм” мессенжердаги ўзига тегишли “Лола” номли аккаунтининг профилида қўшниси, даъвогар Лобар Исоқова фотосуратларини жойлаштириб, шаъни ва қадр-қиммати таҳқирловчи сўзларни ёзган ва ҳақоратлаган.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2025 йил 4 ноябрдаги ҳукми билан жавобгар Шарофат Ҳамроева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 140-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Суд ҳукми билан жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Суд даъвогар Лобар Исоқованинг даъво талабини муҳокама қилди. Жавобгарнинг содир қилган жинояти даъвогарнинг соғлиғи ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилган. Шаъни ва қадр-қиммати камситилганлигини ва даъвогар ҳақоратланганлигини, бу ҳолатлар қонуний кучга кирган суд ҳукми билан тасдиқланганлигини, бундай ҳолатда даъво талаблари асосли ҳисобланишини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларига асосланиб, даъво талабини қисман қаноатлантириб, оқилоналик ва адолатлилик тамойилларига асосан жавобгардан етказилган маънавий зарар учун даъвогар фойдасига 8.000.000 сўм компенсация ундиришни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 72-моддасининг биринчи қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Шу билан бирга, суд Шарофат Ҳамроеванинг қарши даъво талабини муҳокама қилиб, қарши даъвогар келтирган важлар юзасидан маънавий зарар етказилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим қилмаганлигини ва суд томонидан бундай асосларнинг мавжудлиги аниқланмаганлигини инобатга олиб, қарши даъво талабини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топди.
Кези келганида бир гапни айтиб ўтиш жоиз. Бугунги кунда кўп масала ва муаммолар маҳаллада ҳал этиляпти. Суд мазкур фуқаролик ишини мазмунан кўриш жараёнида тарафлар ўртасидаги зиддият ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида маҳалла фаолларига муҳлат берганди. Агарда анча “тарих”га эга қўшнилар ўртасидаги низо маҳалла раиси бошчилигида тарафлар ва фаоллар иштирокида муҳокама қилиниб, оқилона ечим топилиб, улар яраштирилганида эди, иш судгача етиб келмасмиди...
Дилноза Шоматова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси