“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида спорт ва таълим фидойилари тақдирланди
Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактабларида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари давомида ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ педагоглар ва ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди.
Жумладан, вилоятдаги 4 нафар мактабгача ва мактаб таълими тизими ходими ҳамда фахрий устозлар спорт вазирлигининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Вилоят миқёсида жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талабларини муваффақиятли бажарган 448 нафар ўқувчига I, II ва III даражали кўкрак нишонлари, сертификатлар ҳамда спорт формалари тантанали равишда топширилди, – дейди Самарқанд вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ж.Нурмонов. – Шунингдек, умумтаълим мактабларида спорт инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 нафар мактаб директори ҳамда 54 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчисига спорт экипировкалари тақдим этилди.


Бундай эътироф ва рағбат таълим муассасаларида спортни оммалаштириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишлар қамровини кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари