Касбий таълим бўйича янги ҳамкорлик
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда. Тумандаги 3-сонли техникумга Германиянинг “ZAW-Leipzig” маркази ижрочи директори доктор Матиас Маер бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Жиззах вилояти Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов ҳамда Шароф Рашидов тумани ҳокими ўринбосари иштирокида учрашув ўтказилди. Меҳмонлар техникумда яратилган замонавий шарт-шароитлар, ўқув-амалиёт хоналари ва таълим жараёни билан яқиндан танишишди.


Мулоқотлар чоғида касбий таълим тизимини халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш, ёшларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларнинг амалий кўникмаларини оширишга қаратилган имкониятлар хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан ҳам атрофлича музокаралар олиб борилди.


Делегация аъзоларига техникумда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўқувчиларнинг билим ва малакасини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган амалий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мутахассислар фикрича, бундай халқаро ҳамкорликлар ҳудудда касбий таълим сифатини юксалтириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва ёшларни замон талабларига мос касбларга йўналтиришда муҳим ўрин тутади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири