Халқаро лойиҳа доирасида 200 туп қарағай кўчати ўтказилди
Экологик мусаффоликни таъминлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Корея Республикасининг “KT&G Pine Tree” корпорацияси кўмагида “Go and Do” ҳамда “Hamrоh” нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Бобур шаҳридан ажратилган алоҳида майдонга 200 туп қарағай кўчати экилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбирда сўз олган “Hamrоh” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Гулнорахон Юлдашева, Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёрбек Холмирзаев, “KT&G Pine Tree” корпорациясининг Ўзбекистондаги вакили Парк Санг Нам ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапирди. Шунингдек, лойиҳа икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳамда соғлом экологик муҳитни яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
– Яшил келажак яратиш йўлидаги ушбу экологик ташаббус Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради, – дейди “KT&G Pine Tree” корпорациясининг Ўзбекистондаги вакили Парк Санг Нам. – Умуман, компаниямиз томонидан лойиҳа доирасида Ўзбекистонда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Фарғона водийси бўйлаб аэропортлар, темирйўл вокзаллари, автотураргоҳ ва гастрономик кўчаларда сигарет қолдиқлари учун 105 та махсус қути ҳамда чекиш учун ажратилган жойларни кўрсатувчи белгилар ўрнатилди.
[gallery-29623]
Навбатдаги босқичда 200 туп қарағай кўчати экиш орқали лойиҳа давом эттирилмоқда. Қарағай кўчатлари ўтказилган алоҳида майдонга рамзий лавҳа ўрнатилди.
Мазкур лойиҳа нафақат ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш, балки келажак авлодга соғлом ва мусаффо табиатни қолдириш йўлидаги эзгу қадам бўлди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.