Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Мўйноқ туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” ҳаракати доирасида бўш иш ўринлари ва уй шароитида кичик бизнес билан шуғулланиш учун махсус асбоб-ускуналар ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади — аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда фуқароларнинг даромад манбаларини кенгайтиришдан иборат.
Ярмарка давомида фуқароларга мавжуд бўш иш ўринлари таклиф этилди. Шунингдек, уй шароитида кичик бизнесни йўлга қўйиш учун зарур асбоб-ускуналар намойиш этилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқароларга мавжуд имтиёзлар, субсидиялар ва давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида тушунтиришлар берилди.
***
Беруний туманида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда даромад манбаларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишлар доирасида ижтимоий реестр ва “Аёллар дафтари”да турган ўзини-ўзи банд қилиш истагида бўлган 23 нафар хотин-қизга жами 336 миллион 600 минг сўм субсидия маблағи асосида зарур асбоб-ускуналар топширилди. Мазкур кўмак орқали хотин-қизларнинг касб-ҳунар ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши, ўзини-ўзи банд қилиши ҳамда оилавий даромадини оширишига имконият яратилди.
Бундай ташаббуслар хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
***
Сўнгги йилларда Шуманай туманида йўл инфратузилмасини яхшилаш, кўчаларни асфалтлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган асфалтлаш ишлари орасида туман марказидан ўтувчи Ўзбекистон кўчасининг 2 километр қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси кўлами ва аҳамияти билан алоҳида ўрин тутади.
Ушбу қурилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.
Умумий қиймати 9 миллиард 320 миллион сўмни ташкил этувчи лойиҳа доирасида автомобиль йўли ва пиёдалар йўлаклари қурилмоқда. Қурилиш ишлари “Konkret kamen” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилмоқда. Бу лойиҳа нафақат транспорт қатнови учун қулайлик яратишга, балки пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва туман марказининг замонавий қиёфасини янада яхшилашга хизмат қилади.
***
Бўзатов туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида бириктирилган Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай эзгу ташаббуслар доирасида туман марказида 15 нафар боланинг суннат тўйи ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар болажонларни ва уларнинг ота-оналарини ушбу қувончли кун билан самимий қутлаб, фарзандларига сиҳат-саломатлик, бахтли болалик ва ёрқин келажак тилади. Шунингдек, бундай эзгу тадбирлар меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодаси экани таъкидланди.
Болажонларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди. Тадбир давомида ижро этилган куй-қўшиқлар, эртак қаҳрамонларининг чиқишлари тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири