Тармоқдаги авария: Фарғона водийсидаги электр таъминоти билан боғлиқ вазият қандай?
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 19 ноябрь куни Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли "L-503" электр узатиш тармоғида ноқулай об-ҳаво шароити сабаб авария юз берди.
Оқибатда Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилди. Айни пайтда авария оқибатларини бартараф этиш ва тармоқ фаолиятини тиклаш ишлари давом этмоқда.
Хўш, айни пайтда авария оқибатларини бартараф этиш ишлари қандай кечмоқда? Шунингдек, мамлакат ҳудудларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қандай ҳолатлар аниқланди ва ўтказилаётган назорат тадбирлари қандай натижалар бермоқда?
Ушбу саволларга "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев қуйидагиларни маълум қилди.
– Кеча, яъни 19 ноябрь куни соат 06:19 да Сирдарё иссиқлик электр станциясидан Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси узатувчи, Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли "L-503" электр узатиш тармоғида авариявий узилиш юз берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ноқулай об-ҳаво шароити таъсирида мураккаб рельефли адирлик ҳудудида жойлашган электр узатиш тармоғи таянчларидан бири қулаб тушган. Натижада автоматик ҳимоя тизими ишга тушиб, мазкур тармоқ орқали электр энергияси узатилиши вақтинча тўхтаган. Бу эса айрим истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган.
Ҳодиса жойига "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ раҳбарияти бошчилигидаги мутахассислар ҳамда авария-тиклаш бригадалари сафарбар этилган. Тожикистон Республикасининг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда авария оқибатларини бартараф этиш ва электр узатиш тармоғи фаолиятини тиклаш бўйича тезкор ишлар олиб борилмоқда.
Таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангунга қадар Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар киритилган.
Маълумот учун, Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси бошқа электр узатиш тармоқлари орқали ҳам етказиб берилади. Хусусан, Фарғона вилоятига Тошкент вилоятидаги "Янги Ангрен" иссиқлик электр станциясидан чиқувчи 500 кВ кучланишли "L-524" электр узатиш тармоғи орқали ҳам электр энергияси узатилади.
Айни пайтда авария-тиклаш ишлари ноқулай об-ҳаво шароити ва кучли шамолга қарамай давом эттирилмоқда. Энергетиклар тармоқ фаолиятини имкон қадар тезроқ тиклаш мақсадида туну кун, 24 соатлик иш режимида иш олиб бормоқда. Вазият Энергетика вазирлигининг доимий назоратида. Авария оқибатлари тўлиқ бартараф этилгунига қадар тиклаш ишлари узлуксиз давом эттирилади.
Шунингдек, “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида Самарқанд туманида "F. R. N." МЧЖга қарашли паррандачилик фермасида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Назорат тадбири давомида корхона ҳисоблагичсиз, ер ости орқали яширин тармоқ тортган ҳолда газ истеъмол қилиб келгани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига 4 миллиард 455 миллион сўмлик зарар етказилган.
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ҳам электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати қайд этилди. Ўзэнергоинспекция ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирида фуқаро R. N. га қарашли компьютер ўйинларига ихтисослашган нотурар бинода электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланилгани аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, электр таъминоти корхонасига 715 миллион сўмлик зарар етказилган.
Риштон туманидаги "Оқ-ер" маҳалласи ҳудудида эса табиий газ тармоғига ноқонуний ўрнатилган газ сўрғич аниқланди. Ҳолат юзасидан газ таъминоти корхонаси томонидан мазкур қурилмани бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан аралашиш ва қўшимча қурилмалар ўрнатиш газ таъминоти барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Сирдарё вилоятидаги ижтимоий соҳа объектларида ҳам профилактик назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, электр қурилмаларининг техник ҳолати, электр энергиясидан фойдаланиш хавфсизлиги ҳамда норматив талабларга риоя этилиши ўрганилмоқда. Шунингдек, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши, ёнғин ва электр қурилмаларидан фойдаланиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъул ходимлар ва фуқароларга тушунтиришлар берилмоқда.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятида электр тармоқлари ва қурилмаларининг техник ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Асосий эътибор технологик йўқотишларнинг олдини олиш, мавжуд камчиликларни аниқлаш ва электр энергиясидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.