Тошкентда экспортчилар муаммолари муҳокама қилинди
Маълумки, юртимизда иқтисодиётни янада юксалтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорларига олиб чиқиш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бирига айланган. Бу жараёнда иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлган тадбиркорлар, хусусан, экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Айни шу мақсадда Тошкент шаҳрида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда пойтахтда фаолият юритаётган экспортчи тадбиркорлар ўртасида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
Экспорт ҳажми камайган корхоналар ҳамда ташқи бозорга чиқиш салоҳиятига эга тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган мулоқотда ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш, божхона ва солиқ маъмуриятчилигидаги янги енгилликлар, шунингдек, бизнес вакилларини қийнаётган долзарб масалаларга тезкор ечим топиш механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси, шаҳар Солиқ ва Божхона бошқармалари ҳамда тижорат банклари мутахассислари ҳам қатнашди.
Учрашув давомида тадбиркорларни қийнаётган масалалар ва уларнинг амалий ечимлари муҳокама қилинди. Хусусан, экспорт ҳажми камайган корхоналар фаолиятини тиклаш, экспорт салоҳиятига эга тадбиркорларнинг ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш, солиқ ва божхона жараёнларида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбиркорлар томонидан кўтарилган айрим масалалар мутахассислар иштирокида жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар эса тегишли идоралар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш учун назоратга олинди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби учрашувлар тадбиркорлар билан бевосита мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда Тошкент шаҳрининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА