ФВВ анжумани: фавқулодда вазиятларга комплекс ёндашув ва ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманни ФВВ Академияси бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов кириш сўзи билан очиб, фавқулодда вазиятлар профилактикасида комплекс ёндашув, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишнинг муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, анжуман давомида маърузачилар томонидан фавқулодда вазиятлар соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда масъул идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликнинг назарий ҳамда амалий жиҳатлари, экологик хавф-хатарларнинг олдини олишда фуқаролар иштироки ва экологик экспертиза талабларига риоя этишнинг ҳуқуқий асослари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мулоқот жараёнида фавқулодда вазиятларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида юзага келадиган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Илмий маърузалар давомида жиноятларни фош этиш ва кибержиноятчиликка қарши курашишда рақамли технологияларнинг имкониятлари, экологик хавф-хатарларнинг олдини олишда фуқаролар иштирокининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, экологик экспертиза талабларини бузганлик учун юридик жавобгарлик каби масалалар ёритилди.
[gallery-32617]
Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш фаолиятида ҳуқуқий тартибот, масъулият ва ўзаро мувофиқлашувнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур илмий-амалий анжуман фавқулодда вазиятлар соҳасида илмий ёндашув ва амалий тажрибани уйғунлаштириш, идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган самарали таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Гулноза Бобоева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА