Қонун лойиҳасининг таҳлили ёхуд ўт ўриш учун ҳам рухсатнома керакми?
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуга расмий муносабат. «Яйловлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси таҳлили.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «эндиликда молга яйловдан ўт ўриб келиш учун ҳам чипта сотиб олиш керак бўлар экан» деган мазмундаги хабарлар ва видеолар кенг тарқалиб, жамоатчилик орасида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Мазкур ҳолат юзасидан Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги аниқ ва асосли тушунтириш берди.
Хўш, аслида вазият қандай? Ўрмон чиптаси ва яйлов чиптасининг фарқи нимада? Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилган янги таҳрирдаги «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида қандай масалалар муҳокама қилинди ва аҳоли учун қандай кафолатлар кўзда тутилган?
«Чипта» тизими бугун пайдо бўлган янгилик эмас
Агентликнинг маълум қилишича, пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш учун чипта бериш амалиёти мутлақо янги тартиб эмас. Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, давлат ўрмон фонди таркибидаги яйлов ер участкаларидан пичан ўриш ёки чорва молларини боқиш учун ўрмон чиптасидан фойдаланиш тартиби аввалдан мавжуд. Ушбу ҳужжат фуқаронинг муайян ўрмон участкасидаги майдондан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайди, унда ер майдони, муддати ҳамда томонларнинг мажбуриятлари белгиланади. Ҳозирда бу жараён рақамлаштирилиб, махсус онлайн платформа орқали амалга оширилмоқда.

Мамлакатдаги барча яйловлар битта идора тасарруфида эмас
Тармоқлардаги чалкашликларнинг асосий сабаби — ўрмон фонди ерлари билан умумий яйловларнинг фарқига бормасликдир. 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, республикамизда жами 21 миллион 200 минг гектардан ортиқ яйлов ва пичанзор ерлари мавжуд. Уларнинг тақсимоти қуйидагича:
— 16 миллион 300 минг гектари — Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий яйлов хўжаликлари ҳисобида;
— Қарийб 3 миллион гектари — Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги (ўрмон фонди) ҳисобида.
Демак, бугунги кунда амал қилаётган электрон рухсатнома (ўрмон чиптаси) тизими фақатгина ўрмон фонди таркибидаги 3 миллион гектар ерга тааллуқли бўлиб, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги тизимидаги 16,3 миллион гектар яйловлар учун жорий этилмаган.
Олий Мажлисда кўрилган «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида нималар назарда тутилган?
2026 йил 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиб, қабул қилдилар. Парламентда кўрилган ушбу ҳужжат яйловларни деградациядан (таназзулга учрашдан) асраш ва улардан иқтисодий актив сифатида самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган бўлиб, унда қуйидаги асосий янгиликлар таклиф этилмоқда:
Фойдаланиш тартиби: Лойиҳанинг 30-моддасида тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар яйловлардан ижара шартномаси ёки яйлов чиптаси асосида фойдаланиши механизми таклиф қилинган.
Фаолият турларини кенгайтириш: Яйлов ҳудудларида анъанавий чорва боқиш билан бир қаторда, асаларичилик билан шуғулланиш, доривор ўсимликлар етиштириш ва экотуризм (сайёҳларни қабул қилиш) каби қўшимча фаолият турларига ҳам рухсат бериш назарда тутилмоқда.
Бўш турган ерларни ўзлаштириш ва рақамлаштириш: Фойдаланилмаётган яйловларни электрон аукцион, инвестиция битимлари ёки давлат-хусусий шериклик асосида иқтисодий муомалага киритиш, шунингдек, яйловлар ҳолатини рақамли технологиялар («E-yaylov» платформаси) орқали мониторинг қилиш режалаштирилган.

Аммо расмийлар алоҳида таъкидлаганидек, «Яйловлар тўғрисида»ги ҳужжат ҳозирча фақат қонун лойиҳаси холос. У Қонунчилик палатасида эндигина биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, лойиҳадаги таклифларни ҳозирдан кучга кирган мажбурий талаб сифатида талқин қилиш мутлақо нотўғри.
Аҳолининг уй чорваси учун бепул жамоат яйловлари ташкил этилади
Энг муҳим жиҳати шундаки, депутатлар томонидан кўриб чиқилган «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида оддий қишлоқ аҳолисининг манфаатлари алоҳида норма билан ҳимоя қилинган. Ҳужжатда «жамоат яйловлари» институти жорий этилиб, унга кўра қишлоқ аҳолисининг уй шароитида боқиладиган шахсий чорва моллари учун алоҳида жамоат яйловларини ташкил этиш ва улардан бепул фойдаланиш механизмлари аниқ белгилаб қўйилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат томонидан кўрилаётган ушбу чоралар чорвадорлар ёки аҳолининг фаолиятини чеклашга эмас, аксинча, яйловлардан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва келгуси йиллар учун табиий озуқа базасини асраб қолишга қаратилган. Шу боис, ўрмон фонди ерларида аввалдан амал қилиб келаётган тартибни бутун республика яйловларига татбиқ этилган янги тўлов сифатида қабул қилмаслик лозим.
ЎзА