Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди
Андижон шаҳридаги “Имкониятлар олами” ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида “Сен истеъдодлисан!” республика кўрик-танловининг Андижон вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазирлиги ташаббуси ўтказилаётган ушбу танлов жисмоний имконияти чекланган, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор ўқувчи-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда санъатга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган.

“Мен ҳам шу Ватаннинг бунёдкориман!” шиори остида ўтказилган танловнинг очилиш маросимида Таълим ва илм-фан вазирлиги масъул ходими Д.Исмоилов, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г.Омонов сўз олиб, иштирокчиларга омад тилади.

Танловда тасвирий санъат ва анъанавий ижрочилик йўналишларида ўз ҳудудларида ғолиб деб топилган 32 нафар истеъдодли ўқувчи иштирок этиб, ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этди.
Қизиқарли ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, ўз йўналишлари бўйича Андижон тумани вакиласи М.Қодиржонова ҳамда Марҳамат тумани вакили Б.Маҳамадов ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.


Танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири