Қорли довонда йўллар назоратда: махсус техникалар сафарбар этилган
Қамчиқ довонида об-ҳаво яна ўзгарди. Айни пайтда довоннинг айрим ҳудудларида қор, бошқа қисмларида эса ёмғир ёғмоқда. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус техника ва механизмлар жалб этилган.
Маълум қилинишича, A373 “Тошкент–Оҳангарон–Ангрен–Қўқон–Шаҳрихон–Андижон” автомобиль йўлининг 80–127 ҳамда 162–201-километрлари оралиғида ёмғир, 127–162-километрлари оралиғида эса қор ёғмоқда. Ҳаво ҳарорати –3 даражани ташкил этмоқда. Йўлларда кўриниш масофаси 4000 метр, шамол тезлиги 3–6 м/с, ҳаво намлиги эса 90 фоизга тенг. Қор ёғиши давом этаётган шароитда автотранспорт воситаларининг довон орқали узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун “Қамчиқавтойўл” ИЙФК ДМ томонидан йўл қопламасига қум-туз аралашмаси сепилмоқда. Бу ишлар махсус машина ва механизмлар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Айни вақтда довонда автотранспорт воситаларининг икки томонлама ҳаракатланиши таъминланган.
“Қамчиқавтойўл” ИЙФК ДМ ҳайдовчилардан об-ҳаво шароитини инобатга олиш, тезликни меъёрдан оширмаслик, оралиқ масофани сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА