Қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бунда ҳар бир инсоннинг муаммосини манзилли ўрганиш, оила эҳтиёжидан келиб чиқиб амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ижтимоий кўмакни натижага йўналтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ушбу вазифалар ижроси доирасида эҳтиёжманд оилаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш ва ижтимоий муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Маҳаллада 3170 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ижтимоий ходим Жавоҳир Жумаевнинг таъкидлашича, айни пайтда эҳтиёжманд оилаларга мавсум давомида белгиланган олти турдаги ёрдамни манзилли етказиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бир марталик моддий ёрдам, суюлтирилган газ, коммунал харажатлар компенсацияси, кўмир ва бошқа кўмак турлари оилаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этилмоқда.
— Ҳар бир хонадоннинг шароити ва эҳтиёжи турлича. Шунинг учун биз фақат моддий ёрдам ажратиш билан чекланмаймиз. Оилаларнинг яшаш шароити, фарзандларининг таълими, бандлиги ва келгусида даромад топиш имкониятларини ҳам ўрганамиз. Асосий мақсадимиз — ҳеч бир оилани қийин вазиятда ёлғиз қолдирмаслик, — дейди Ж. Жумаев.
Жумладан, икки нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Зуҳра Итолмасованинг хонадонида яшаш шароитини яхшилаш мақсадида уйнинг том қисми шифер билан ёпилди. Фарзандлари бепул тўгаракларга жалб этилди. Шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, оилани икки тонна кўмир ва газ баллони билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Тўрт нафар фарзандни тарбиялаётган Маҳлиё Итолмасованинг оиласига ҳам амалий кўмак кўрсатилди. Хонадонининг том қисми таъмирланиб, эшик ва деразалари ўрнатилди. Эътиборлиси, оиланинг нафақат бугунги эҳтиёжларини қондириш, балки келгусида даромад топишига шароит яратиш мақсадида бир сотихли иссиқхона ташкил этилди. Оила ўтган йили ҳамда жорий йилда бир марталик моддий ёрдам билан қўллаб-қувватланган.


Маҳалладаги яна бир эътиборга молик ҳолат Ришодбек ва Рухшона Эшоновлар билан боғлиқ. Отасидан айрилган, онаси муомалага лаёқатсиз бўлган ушбу болаларнинг тарбияси билан бобоси шуғулланмоқда. “Меҳр дафтари” орқали улар велосипед, спорт анжомлари, кийим-кечак ва маиший техника воситалари билан таъминланди.
Бу каби мисоллар ижтимоий ҳимоянинг мазмуни фақат моддий кўмак кўрсатишдан иборат эмаслигини кўрсатади. Уй-жой шароитини яхшилаш, болаларнинг таълим ва тарбиясига эътибор қаратиш, оилаларнинг даромад манбаини шакллантириш орқали уларнинг ҳаётида барқарор ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин.
Маҳалла ижтимоий ходимининг таъкидлашича, оилалар билан ишлашда уларнинг мурожаатларини тинглаш, муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Зеро, ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий натижаси ажратилган ёрдам ёки амалга оширилган тадбирлар сони билангина эмас, балки инсон ҳаётидаги ўзгариш, оиланинг эртанги кунга ишончи ва турмуш шароитининг яхшиланиши билан белгиланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири