Ҳар бир мурожаат эътиборда
Фуқаролар мурожаатларини тинглаш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топиш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш — инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим мезонидир.
Баъзан бир оила учун катта муаммо бўлиб кўринадиган масала кимлар учундир оддий юмушдек туюлиши мумкин. Аммо томидан ёмғир суви ўтаётган, ҳар бир ёғингарчиликда уй-жойи янада зарар кўришидан хавотир олаётган инсон учун бу жиддий ташвиш. Айниқса, куз-қиш мавсумида бундай муаммолар оиланинг кундалик ҳаётига, хотиржамлиги ва хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу боис давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли муаммоларини бевосита жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги асосий талаб — одамларни идорама-идора сарсон қилмасдан, уларнинг дардига қулоқ тутиш, муаммонинг сабабини аниқлаш ва натижа учун масъулиятни ҳис этишдир.
Бухоро шаҳар Халқ қабулхонасида шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулҳаё Ҳайдарова томонидан ўтказилган шахсий қабул ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Унда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланмоқда.
Хусусан, Маҳмуд Торобий маҳалласи, Роботқози аҳоли пунктида яшовчи Замира Равшанова ўз хонадонининг том қисмидан ёмғир суви ўтиши, уни таъмирлашда амалий ёрдам кўрсатиш масаласида мурожаат қилган эди.
Мазкур мурожаат масъуллар томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Фуқаронинг яшаш хонадони том қисми таъмирланиб, шифер билан ёпиб берилди. Натижада ёғингарчилик пайтида уйга сув ўтиши билан боғлиқ муаммо бартараф этилди.

Бугун Замира Равшанова таъмирлаш ишларидан сўнг хонадонида яратилган шароитдан мамнун. Унинг миннатдорлиги эса мурожаат билан ишлашда эришилган натижанинг инсон ҳаётидаги ифодасидир.
Аслида, бу каби мисоллар ортида муҳим бир ҳақиқат мужассам: фуқаро мурожаати шунчаки ариза ёки навбатдаги топшириқ эмас, балки муайян инсоннинг ҳаёти, оиласи ва кундалик ташвишлари билан боғлиқ масаладир. Шунинг учун унинг ижобий ҳал этилиши нафақат бир муаммони бартараф этади, балки одамларнинг давлат идораларига бўлган ишончини ҳам мустаҳкамлайди.
Энг муҳими, мурожаатлар билан ишлашда натижадорликка эришиш учун фақат қабул ташкил этишнинг ўзи кифоя эмас. Муаммони чуқур ўрганиш, масъулларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ва белгиланган чораларнинг амалда бажарилишини назорат қилиш зарур. Замира Равшанова хонадонида амалга оширилган таъмирлаш ишлари ҳам мурожаатни эшитишдан унинг амалий ечимигача бўлган жараённинг аҳамиятини кўрсатади.
Бугунги кунда Бухоро шаҳрида аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва фуқароларнинг ҳаёт шароитини яхшилашга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Зеро, халқ розилиги катта лойиҳалар ёки баландпарвоз гаплар билангина эмас, балки ҳар бир хонадонда сезиладиган ижобий ўзгаришлар, ҳал этилган муаммолар ва инсонларнинг хотиржам ҳаёти билан намоён бўлади. Инсон қадрини улуғлашнинг асл моҳияти ҳам шунда — ҳар бир мурожаат эътиборда, ҳар бир муаммо ечимда, ҳар бир фуқаро давлат эътиборида бўлиши керак.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири