Қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар: замонавий агродрон имкониятлари намойиш этилди
Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти тажриба хўжалигида Малайзиянинг “Meraque Group Sdn Bhd” компанияси ҳамкорлигида дала семинари ташкил этилди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, институт мутахассислари, илмий ходимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги соҳасига рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни кенг жорий этиш, шунингдек, замонавий агродронларнинг имкониятлари билан мутахассисларни яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида компания бош ижрочи директори Розали Исмоил томонидан ишлаб чиқилган замонавий агродрон тақдим этилди. Мутахассислар дроннинг техник хусусиятлари, ишлаш тамойили ҳамда уни қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаш жараёнларида қўллаш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Амалий намойиш жараёнида агродрон ёрдамида ўсимликларни ҳимоя қилиш, экин майдонларини мониторинг қилиш ва агротехник тадбирларни юқори аниқликда бажариш имкониятлари кўрсатилди. Таъкидланганидек, мазкур технология меҳнат унумдорлигини ошириш, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, инновацион технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Мутахассисларнинг фикрича, агродронлардан фойдаланиш соҳада замонавий ёндашувларни жорий этиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА