Қишлоқ хўжалиги: ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиб олиш куннинг долзарб масаласи
Ерга уруғ қадашдан тортиб, ҳосилни йиғиб-териб олишгача бўлган ҳар бир босқич деҳқоннинг машаққати, об-ҳаво шароити ва агротехник тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Айни пайтда далаларда етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиб олиш, унинг сифати ва самарадорлигини таъминлаш муҳим вазифага айланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида аграр соҳада жорий йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгуси йил учун белгиланган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар, хусусан, пахта етиштириш ва ҳосилни йиғиб-териб олиш жараёнлари таҳлил қилинди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда келгуси йилги мавсумга пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокамалар давомида аграр соҳада эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, мавжуд тажриба ва имкониятлар асосида ишларни янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалигининг иқтисодий самарадорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, 2027 йилги пахта экиш мавсумига тайёргарлик кўриш, экиш ва агротехник тадбирларни ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, мос ва юқори ҳосилдор навларни танлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Келгуси мавсум учун аниқ режаларни ишлаб чиқиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш юзасидан тегишли ёндашувлар кўриб чиқилди.
Йиғилишда аграр соҳада қўшимча қиймат яратиш, етиштирилаётган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Аграр ишлаб чиқариш ва унга боғлиқ тармоқларда мавжуд имкониятларни ишга солиш, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, бандликни оширишга хизмат қиладиган йўналишларни ривожлантириш бўйича келгуси йил учун режалар аниқ белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. Асосий эътибор жорий йил натижаларини чуқур таҳлил қилиш, келгуси мавсумни пухта режалаштириш, ҳудудларга мос экин навларини танлаш, қўшимча қиймат яратиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳанинг истиқболли йўналишларини изчил ривожлантиришга қаратилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА