Креатив тадбиркор ёшлар
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш, аҳоли вакилларига кўмаклашиш, ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим ташаббуслардан бирига айланиб бормоқда.
Мазкур дастур доирасида ёшларнинг инновацион ғоялари, стартаплари ва истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Креатив тадбиркор ёшлар» лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида навбатдаги форум ташкил этилди. Унда партия раҳбари, парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, “FIRST Global Challenge 2026” жаҳон чемпионлари ҳамда ташаббускор ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида 15 нафар ёшлар томонидан ишлаб чиқилган IT, сунъий интеллект, муҳандислик, стартап ва ҳунармандчилик йўналишларидаги лойиҳалар намойиш этилди. Партия вакиллари иштирокчиларнинг ишланмалари билан танишиб, уларни амалиётга татбиқ этиш, тадбиркорлик лойиҳаларига айлантириш ва ривожлантириш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Шунингдек, форум давомида спорт мусобақалари, китобхонлик танлови ғолиблари ҳамда жаҳон чемпионлари билан учрашув ҳам ўтказилди. Унда ёшларнинг ташаббускорлиги эътироф этилиб, йигит-қизлар янги ғоялар сари чорланди.
М.Комилова,
ЎзА