Қирғизистонда қишки туризм инфратузилмаси кенгайтирилмоқда
Қирғизистонда қишки туризмни ривожлантириш, тоғ-чанғи мажмуаларини модернизация қилиш ва сайёҳлар учун зарур инфратузилмани яхшилаш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ахборот ҳамкоримиз – “Кабар” АА хабар беришича, ўлкада 23 та тоғ-чанғи базаси рўйхатга олинган. Уларнинг асосий қисми Чуй ва Иссиқкўл вилоятларида жойлашган.
Бишкек атрофидаги “Норус”, “Орловка”, “Зил”, “Чункурчак” ва “Қашқа-Суу” тоғ-чанғи базалари қишки дам олиш масканлари ҳисобланади. Иссиқкўл вилоятидаги “Қоракўл” тоғ-чанғи мажмуаси эса денгиз сатҳидан 2300 метр баландликда жойлашган.
Соҳадаги йирик инвестициявий лойиҳалардан бири Иссиқкўл вилоятида барпо этилаётган “Ala-Too Resort” тоғ-туризм кластеридир. Лойиҳа Жирғалон, Оқ-Булоқ ва Боз-Учук ҳудудларини қамраб олиб, йил давомида фаолият юритадиган сайёҳлик инфратузилмасини шакллантиришни назарда тутади.
Таъкидланишича, уч ҳудуддаги чанғи трассаларининг умумий узунлиги 250 километрга етиши режалаштирилган. Лойиҳанинг 2026 йил декабрь ойи бошида ишга туширилиши кўзда тутилган биринчи босқичида 47 километрдан ортиқ трасса фойдаланишга топширилиши белгиланган.
Шу билан бирга, Қоракўл шаҳридан курортга олиб борувчи автомобиль йўлини кенгайтириш, қор кўчкиси хавфини кузатиш ва об-ҳавони мониторинг қилиш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Чуй вилоятида эса “Baytik Mountain Resort” тоғ-туризм мажмуасини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида меҳмонхоналар, дам олиш ва спорт объектлари, шунингдек, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш режалаштирилган. 2026 йил август ойида лойиҳани амалга ошириш бўйича давлат-хусусий шериклик шартномаси имзоланган.
Мутасадди идоралар қишки мавсум олдидан тоғ-чанғи базалари, меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари ва транспорт инфратузилмасининг тайёрлигини текширишни режалаштирмоқда. Айниқса, тоғли ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлиги, қор кўчкиси хавфини назорат қилиш ва санитария шароитларини яхшилашга эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллий қирғиз туроператори Сергей Глуховеровнинг таъкидлашича, қишки туризмни ривожлантиришда транспорт қатновининг барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, тоғли ҳудудларда кучли қор ёғиши ва йўлларнинг вақтинча ёпилиши сайёҳлар ҳаракатига қийинчилик туғдириши мумкин.
Мутахассис фикрича, Иссиқкўл атрофидаги йўл инфратузилмасининг яхшиланиши қиш мавсумида ҳам сайёҳлик фаоллигини ошириш имконини бермоқда. Бироқ соҳанинг барқарор ривожланиши янги курортлар қурилиши билан бирга, транспорт, хавфсизлик ва хизмат кўрсатиш тизимларини такомиллаштиришга ҳам боғлиқ.
А.Маматов, ЎзА