АҚШ демократлари СИ ишлаб чиқувчилари устидан назоратни кучайтиради
АҚШда Демократлар йирик технология компаниялари раҳбарларини Конгресс олдида қасамёд остида кўрсатма бериш учун чақирув қоғози билан судга бериш ва миллиардер Илон Маскга қарши тергов бошлаш орқали мамлакатда сунъий интеллект ишлаб чиқувчилари устидан назоратни кучайтириш ниятида. Бу ҳақда “Financial Times” хабар тарқатган.
Оралиқ сайлов орқали демократлар Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчилик овоз қўлга киритди. Янги Вакиллар палатаси 2027 йил январь ойида иш бошлайди. Шундан сўнг партия тергов ўтказиш ва гувоҳларни чақириш учун парламент қўмиталари ваколатидан фойдалана олади.
Газета ёзишича, демократлар технология компаниялари фаолияти ва СИни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратмоқчи. Бир қатор қонун чиқарувчилар кучли СИ тизимини ишлаб чиқишга чеклов қўйиш тарафдори.
Хусусан, Аризона штатидан конгрессмен Ясмин Ансорий илғор СИ тури яратилишини тўхтатиб туриш, сунъий супер интеллект яратишни эса тақиқлаш таклифини илгари сурган. Унинг сўзларига кўра, бу масала янги кўпчилик кун тартибида асосий ўрин эгаллаши керак.
Яқинлашиб келаётган ўзгариш асносида технология компаниялари Конгресс билан ҳамкорлик стратегиясини қайта кўриб чиқяпти. FT маълумотига кўра, “Meta” ва “Palantir” сайловдан олдин ҳам Демократик партия билан алоқадор оғдирувчилар ёллай бошлаган.
Бундан ташқари СИ ишлаб чиқувчилари маълумот марказлари қурилиши учун маҳаллий ёрдам ажратиш бўйича қўшимча чораларни ҳам муҳокама қилмоқда. Таклифлар орасида электр тармоғига сармоя, мактабларни молиялаштириш ва экология кафолатини таъминлаш бор.
С.Раҳимов, ЎзА