"БелТА": Беларусда энергетика соҳасининг илғор технологиялари намойиш этилмоқда
Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ўтказилаётган XXX Беларусь энергетика ва экология форуми доирасидаги “Energy Expo” халқаро кўргазмасида замонавий энергетика технологиялари, рақамли ечимлар ва истиқболли илмий ишланмалар тақдим этилди.
Ахборот ҳамкоримиз - “БелТА” ёзишича, Беларусь Энергетика вазирлиги экспозициясидан атом энергетикаси, электр тармоқлари ва энергия самарадорлигига оид инновацион лойиҳалар ўрин олган. Хусусан, мамлакат атом электр станцияси ҳамда радиоактив чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш учун мўлжалланган бўлажак иншоот макетлари намойиш этилмоқда.

Шунингдек, ташриф буюрувчилар энергетика тизими фаолиятини виртуал муҳитда кузатиш, саноатда 3D босма ва тескари муҳандислик технологиялари билан танишиш имкониятига эга. Электр станциялари ходимларини тайёрлашга мўлжалланган рақамли тренажёрлар эса одатий ва фавқулодда вазиятларни моделлаштириш орқали касбий кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Беларусь Фан ва технологиялар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Татьяна Столярова маълум қилишича, кўргазмада 19 та ташкилот ва муассасанинг 72 та илмий-техник ишланмаси намойиш этилмоқда. Улар орасида сунъий интеллект, энергия тежамкорлиги, электр транспорти ва сув ресурсларини бошқаришга қаратилган лойиҳалар алоҳида ўрин тутади.

Эътиборга молик ишланмалардан бири ҳисоблаш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқликдан биноларни иситишда фойдаланиш имконини берувчи интеллектуал тизимдир. У юқори унумдор ҳисоблаш, сунъий интеллект ва булутли хизматларни энергия тежамкор иситиш технологиялари билан уйғунлаштиради.
Бундан ташқари, оғирлиги 4 тоннагача бўлган электр транспорт воситалари учун мўлжалланган мехатрон модуль ҳамда саноат корхоналарида тозаланган оқова сувдан қайта фойдаланишни таъминловчи интеллектуал бошқарув тизими тақдим этилди. Сўнгги ишланма сув сарфини камайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилган.
Тўрт кунлик форум дастуридан энергетика соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, электр транспортини ривожлантириш, тармоқларни модернизация қилиш ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш каби масалалар ўрин олган. Анжуманда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
А.Маматов, ЎзА