Қирғизистонда энергетик ичимликларни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш тақиқланиши мумкин
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасига мамлакатда энергетик ичимликларни ишлаб чиқариш ва импорт қилишни тўлиқ тақиқлаш имкониятини бир ой муддат ичида ўрганиб чиқиш ҳамда олти ой ичида тегишли чеклов чорасини жорий этиш бўйича кўрсатма берди. “Kabar” ахборот агентлиги шу ҳақда хабар тарқатган.
Маълумотга кўра, мамлакатда биргина 2026 йилнинг биринчи ярмида 36 миллион литрдан кўп энергетик ичимлик истеъмол қилинган. Бу ҳолат аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириб, хавфли касалликлар кўпайиши, соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган харажат кескин ортишига олиб келган.
Жапаров таъкидлашича, миллат генофондини ҳимоя қилиш ҳамда соғлом инсон капиталини шакллантириш мақсадида давлат ушбу соҳадан ҳар йили келадиган 1,5 миллиард сомлик солиқ ва божхона тушумидан воз кечишга тайёр.
Ф.Яхшибоева, ЎзА