Пекинда глобал медиа мулоқоти давом этмоқда
Хитой Халқ Республикаси пойтахтида “Синьхуа” давлат ахборот агентлиги ва Пекин шаҳар халқ ҳукумати ҳамкорлигида VII жаҳон медиа саммити ўз ишини давом эттирмоқда.
Мазкур нуфузли йиғинда дунёнинг 112 мамлакат ва минтақасидан 330 га яқин оммавий ахборот воситаси, таҳлил маркази, давлат идораси ва ахборот агентликларининг қарийб 500 нафар вакили иштирок этмоқда.

“Интеллектуал асрда медиа: ҳамфикрликдан амалий ҳаракатга” мавзуси асосида ўтказилаётган тадбир доирасида замонавий журналистиканинг келажаги, сунъий интеллект (AI) технологияларидан самарали фойдаланиш ҳамда глобал хавфсизлик шароитида ахборот ишончлилигини таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Анжуман кун тартибидан ахборот йиғиш, контент яратиш ва тарқатиш жараёнларида сунъий интеллектнинг қўлланилиши, технологик компаниялар билан ҳамкорликда кўп тилли маълумотлар базаларини яратиш ҳамда ривожланаётган мамлакатлар (Global South) ва кичик медиа ташкилотлар учун самарали AI хизматларини тақдим этиш масалалари ҳам ўрин олган. Шу билан бирга, контент хавфсизлиги, алгоритмик шаффофлик ва журналистикадаги ҳаққонийликни сақлаш форум муҳокамаларининг муҳим йўналишларини ташкил этган.

Конференциянинг “Пекин ёндашуви: Хитой модернизациясини тушуниш” йўналиши доирасида иштирокчилар Пекин шаҳрининг янги субмаркази ривожи, тарихий меросни асраш ҳамда шаҳар инфратузилмасини бошқариш бўйича тажрибалар билан яқиндан танишди.
Саммитда иштирок этаётган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимов глобал хавфсизликка таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда медиа мулоқот ва ҳамкорликда ривожланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Жаҳон медиа саммити турли мамлакатлар оммавий ахборот воситаларининг мулоқот ва ҳамкорликка бўлган умумий интилишининг ёрқин ифодасидир. Зеро, мазкур тамойиллар замонавий журналистиканинг энг муҳим қадриятларидан ҳисобланади.
А.Кўчимов бугунги кунда инсоният мураккаб ва масъулиятли даврни бошдан кечираётганига эътибор қаратди. Геосиёсий зиддиятлар, минтақавий можаролар, иқлим ўзгариши, иқтисодий беқарорлик, киберхавфсизликка таҳдидлар ва ахборот маконидаги кескин рақобат глобал хавфсизлик тушунчасига янгича мазмун бағишламоқда.

– Бундай шароитда ахборот шунчаки воқеаларни ёритиш воситаси бўлиб қолмай, балки жамиятда ишончни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашувни таъминлаш, тинчликни сақлаш ва барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омилига айланмоқда, – деди ЎзА раҳбари.
Шунингдек, у Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш билан бирга, хорижий ахборот агентликлари билан профессионал ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини билдирди.

Тадбир ташкилотчилари маълум қилишича, форум якунида “VII жаҳон медиа саммитининг Пекин консенсуси” ҳамда “AI+Медиа: Глобал ривожланиш ҳисоботи – 2026” китоби тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, “Синьхуа” луғатининг AI агенти халқаро миқёсда тарғиб қилиниши, Хитойнинг юқори сифатли ривожланишдаги ютуқларига бағишланган кўргазмалар ва сунъий интеллектни қўллаш бўйича глобал стандартларни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриш ҳам кўзда тутилган.
9 ноябрга қадар давом этадиган мазкур халқаро йиғин нафақат сунъий интеллект даврида медианинг масъулиятини оширишга, балки дунё бўйлаб ахборот майдонида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва тинчликка хизмат қилишга қаратилган муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Шерзод Исаев, ЎзА
Пекин, Хитой