Қайси маҳсулотлар мажбурий сертификатлашдан озод этилади?
Ўзбекистонда бозорга чиқарилаётган кўплаб маҳсулотлар хавфсизлиги давлат томонидан назорат қилинади ва бунинг асосий воситаларидан бири — мажбурий сертификатлаш.
Бироқ, ҳар бир маҳсулот, ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай текширувдан ўтиши шарт эмас. Қонунчиликда бир қатор истисно ҳолатлар белгиланган бўлиб, уларда мажбурий мувофиқлик баҳолаши талаб этилмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 январдаги 43-сон қарорига асосан, қуйидаги ҳолларда маҳсулотга нисбатан мажбурий сертификатлаш татбиқ этилмайди:
у қайта ишлаш мақсадида божхона ҳудудига олиб кирилаётган бўлса;
илгари фойдаланилган бўлса (бундан қонунчиликда назарда тутилган айрим истиснолар мустасно);
кўргазма ёки ярмаркаларда намуна сифатида намойиш этиш учун мўлжалланган бўлса;
синов, тадқиқот ёхуд лабораториялараро солиштирма синовлар ўтказиш учун намуна тариқасида киритилаётган бўлса;
ёки илмий-тадқиқот ишларида фойдаланиладиган бўлса.
Шунингдек, гуманитар ёрдам ёки халқаро техник кўмак сифатида, табиий офат ва техноген фалокатлар оқибатларини бартараф этишга қаратилган ёрдам тариқасида, дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотларнинг расмий эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган маҳсулотлар ҳам ушбу талабдан озод этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида сотишга мўлжалланмаган, фақат бошқа маҳсулот ишлаб чиқаришда хом ашё, материал ёки бутловчи қисм сифатида ишлатиладиган товарлар ҳам мажбурий сертификатлашга тортилмайди.
Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим: мажбурий сертификатлаш талаб қилинмаслиги маҳсулотнинг барча мажбурий хавфсизлик талабларидан тўлиқ озод этилиши дегани эмас. Қонунчилик бу борада ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва сотувчи зиммасига алоҳида жавобгарлик юклайди — улар сертификат талаб қилинмаган тақдирда ҳам, маҳсулотнинг белгиланган меъёр ва талабларга мувофиқлигини таъминлаши шарт.
Демак, бу истисно рўйхати фақат маъмурий тартиб-таомилни соддалаштириш, яъни маълум мақсадларда (илмий, гуманитар, кўргазма ва ҳоказо) мамлакатга киритилаётган маҳсулотлар учун бюрократик юкни камайтиришга қаратилган, холос — хавфсизлик масъулияти эса ҳар қандай ҳолатда ҳам сақланиб қолади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА