Чиқинди муаммодан иқтисодий ресурсга айланмоқда
Бир қарашда чиқинди — йўқ қилиниши керак бўлган маиший муаммо. Аммо...
Аммо замонавий иқтисодиётда унга муносабат ўзгармоқда. Чиқинди қайта ишланадиган хом ашё, ундан эса энергия ва иқтисодий қиймат яратилади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган чиқиндиларни термик қайта ишлаш лойиҳалари ҳам ана шу ёндашувнинг амалий кўринишидир. 2027–2028 йилларда босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилаётган 11 та завод мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 1 миллиард 558 миллион доллар бўлиб, улар тўлиқ қувватга чиққач, йилига 5,4 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди термик қайта ишланади ва 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу рақамлар ортида фақат энергетика соҳаси учун қўшимча манба эмас, балки чиқиндиларни бошқариш тизимидаги катта ўзгариш турибди.
Чиқиндилар миқдорининг ортиши шаҳарлар ва аҳоли пунктлари олдидаги энг долзарб экологик вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Чиқиндини фақат полигонларга жойлаштириш эса муаммонинг ечими эмас. Ер майдонига бўлган эҳтиёж, атроф-муҳитга таъсир ва полигонларнинг узоқ муддатдаги экологик оқибатлари бундай ёндашувни қайта кўриб чиқишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, термик қайта ишлаш технологияларининг аҳамияти шундаки, чиқинди ҳажми камайтирилади ва унинг таркибидаги энергиядан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.
Ўзбекистондаги янги лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққач, ҳар йили 5,4 миллион тонна маиший чиқинди қайта ишланиши режалаштирилмоқда. Бу чиқиндиларнинг катта қисмини полигонларга йўналтириш заруратини камайтириш билан бирга, улардан электр энергияси олиш имконини беради. Лойиҳаларнинг иккинчи босқичи доирасида барпо этилаётган 5 та заводнинг ўзи йилига 635 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Бу жараёнда 158 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниши ҳам кўзда тутилган.
Умумий 11 та завод бўйича эса электр ишлаб чиқариш ҳажми йилига 2,2 миллиард киловатт-соатга етади. Демак, чиқиндиларни бошқариш сиёсати аста-секин энергетика сиёсати билан ҳам уйғунлашмоқда. Илгари иқтисодий ва экологик юк сифатида қаралган чиқинди энди қўшимча энергия манбасига айлантирилмоқда. Бу ерда эътиборли жиҳат — лойиҳаларнинг узоқ муддатли иқтисодий модели ҳам шакллантирилаётганидир. Заводларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 30 йил давомида кафолатли харид қилиниши инвесторлар учун барқарор бозор яратади. Яъни чиқиндини қайта ишлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва уни сотиш жараёнлари ягона иқтисодий занжирга бирлаштирилмоқда.
Лойиҳаларнинг самараси электр энергияси билан чекланмайди
Иккинчи босқичдаги заводлар тўлиқ ишга тушгач, йилига 316 минг тоннагача иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш, биринчи ва иккинчи босқич лойиҳалари доирасида эса чиқиндиларни полигонларга жойлаштириш ҳажмини сезиларли камайтириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, заводларда зарарли моддаларнинг атмосферага чиқишини чеклайдиган замонавий технологиялар қўлланилиши режалаштирилмоқда. Бироқ бу ерда муҳим бир шарт бор: термик қайта ишлашнинг экологик самараси фақат замонавий технологиянинг мавжудлиги билан эмас, унинг қанчалик қатъий назорат қилиниши билан ҳам белгиланади. Ҳавога чиқарилаётган моддаларни мунтазам мониторинг қилиш, очиқ маълумот бериш ва экологик стандартларга қатъий риоя этиш тизимнинг ишончлилиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Чиқиндини ресурсга айлантириш циркуляр иқтисодиётнинг асосий ғояларидан биридир. Бундай иқтисодиётда маҳсулотдан фойдаланиш тугаганидан кейин унинг қиймати бутунлай йўқолиб кетмайди. Аксинча, қайта ишлаш, қайта фойдаланиш ёки энергия олиш орқали иқтисодий айланмага қайтарилади. 11 та завод лойиҳасини ҳам ана шу жараённинг бир қисми сифатида баҳолаш мумкин. Қайта ишлаш тизими қанчалик самарали бўлиши учун чиқиндини манбадаёқ саралаш, қайта ишланадиган материалларни алоҳида йиғиш ва уларни қайта ишлаш саноатига йўналтириш муҳим. Шунда термик қайта ишлаш тизими ҳам “барча чиқиндини ёқиш” эмас, балки қайта ишлаш имкони бўлмаган қисмдан самарали фойдаланишга асосланган яхлит тизимнинг бир бўлагига айланади.
Лойиҳаларнинг ижтимоий самараси ҳам бор. Барча заводлар ишга тушгач, 1 500 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда. Бу эса чиқиндиларни бошқариш соҳасининг оддий коммунал хизматдан замонавий технология, муҳандислик, энергетика ва экологик назоратни бирлаштирган янги тармоққа айланаётганини кўрсатади.
Асосий мақсад — чиқиндини йўқ қилиш эмас. Энг муҳим ўзгариш чиқиндига бўлган қарашнинг ўзгаришидир. Чиқинди энди фақат олиб чиқиб кетилиши керак бўлган маиший юк эмас. Унинг таркибида қайта ишлаш мумкин бўлган хом ашё, энергия ва иқтисодий қиймат мавжуд. Шу маънода, Ўзбекистонда амалга оширилаётган 1,5 миллиард доллардан ортиқ инвестицияли 11 та лойиҳа чиқиндиларни бошқариш соҳасида янги иқтисодий моделни шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
Бироқ ҳақиқий натижа заводлар ишга тушгани билан эмас, улар атроф-муҳитга таъсирни камайтирган ҳолда барқарор ишлаши, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизими билан уйғунлашиши ҳамда ишлаб чиқарилган энергия иқтисодиётга самарали интеграция қилиниши билан ўлчанади. Шунда “чиқиндидан электр” оддий технология эмас, балки тоза муҳит, энергия тежамкорлиги ва иқтисодий самарани бир нуқтада бирлаштирган янги тараққиёт моделига айланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА