Фарғонада 14 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилмоқда
Президент фармони асосида қишлоқ хўжалигида янги давр бошланди. Самарасиз ерлар ва эски боғлар замонавий, даромадли плантацияларга айланмоқда. Фарғона вилоятидаги кенг кўламли лойиҳалар бунинг ёрқин намунасидир.
Бугун юртимизда мевали боғлар ташкил этиш, самарасиз ерларни ташаббускорларга бериб, аҳоли даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2026 йил 9 июндаги “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада янги йўналишларни очиб берди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш ва жойларда мавжуд имкониятларни ўрганиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев Фарғона вилоятида бўлди.

Мазкур ташриф давомида вилоятдаги самарасиз боғларни тугатиш, эски ёки фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш ҳисобига янги саноатлашган интенсив боғларни яратиш масаласи ўрганилди. Натижада Фарғона туманидаги ўзлаштирилмаган 500 гектарли адирликларда келгуси икки йил давомида саноатлашган боғ барпо этиш режалаштирилди. Айни кунларда адирликда ишлар бошланган бўлиб, шафтоли ҳамда гилос кўчатларини экиш кўзда тутилган.

–Фарғона вилоятида 43 минг 163 гектар боғ ва 4 минг 255 гектар токзор мавжуд, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев. – Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида эскириб, самарасиз бўлиб қолган боғларни қайта ташкил этиб, саноатлашган замонавий боғларга айлантириш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсад қилиб олинган. Ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кўтариш ҳам назарда тутилган ва бунинг учун давлат томонидан барча шароитлар яратиб берилган. Албатта, бу вазифа ва фармон ижросини таъминлашга барча куч ва ресурсларни жалб қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан 2026 йилда Фарғона вилоятида 14 минг 174 гектар янги саноатлашган интенсив боғлар ташкил этиш белгиланган. Жорий йил баҳор ойларида 1 минг 726 гектар майдонда кўчатлар ерга ўтқазилди ва куз ойларида яна 12 минг 448 гектар саноатлашган интенсив боғлар барпо қилинади.

Шунингдек, ўрганишлар давомида Фарғона туманида унумдорлиги паст бўлган пахта майдонлари ўрнида замонавий боғ ва токзорларни яратиш ҳам режалаштириб олинди. Агентлик директори бундай манзилларда ҳам бўлиб, мазкур майдонда самарали боғ барпо қилиш юзасидан мутахассислар билан биргаликда ўрганиш ишларини олиб борди.
Мазкур таҳлиллар келгусида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳудуднинг агроиқлим имкониятларини баҳолаш ҳамда истиқболдаги агротехник тадбирларни белгилашда муҳим аҳамият касб етади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА