Жасорат мактабида тобланаётган ёшлар
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат, жасорат ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлаш, ҳаётий ҳамда касбий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинлари мунтазам ташкил этилмоқда.
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилнинг ўтган саккиз ойида Сурхондарё вилоятида тўрт маротаба ана шундай ўқув йиғини ўтказилиб, 400 нафарга яқин ёш қамраб олинди. Улар 10 дан ортиқ йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитилди.
Навбатдаги йиғинда Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидан келган 32 нафар ёш иштирок этди. Ўқув йиғини Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда ташкил этилди.
Йиғин давомида иштирокчилар ҳарбий-амалий машғулотлар, спорт мусобақалари ҳамда экстремал шароитларда ҳаракатланиш ва яшовчанлик бўйича амалий тайёргарликдан ўтди. Термиз ҳарбий полигонида амалий отиш ва чавандозлик машғулотлари ҳам ташкил этилди.
Ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш мақсадида Сурхондарёнинг тарихий-маданий масканларига саёҳатлар уюштирилди. Улар Ал Ҳаким ат-Термизий ва Султон Саодат зиёратгоҳлари, Археология музейига ташриф буюриб, воҳанинг бой тарихи ва маданий мероси билан танишди. Шунингдек, Термиз халқаро савдо маркази, Мономарказ ва IT маркази фаолияти билан танишдилар.
[gallery-31820]
Йиғин дастуридан ёшлар билан очиқ мулоқотлар ҳам ўрин олди. Хусусан, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Тахиатош туманидан келган ёшлар билан учрашиб, уларнинг йиғиндан олган таассуротлари, қизиқишлари ва келгусидаги режалари билан қизиқди. Суҳбат давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, “Ҳоким ва ёшлар”, “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари, маданий-мусиқий дастурлар, миллий таомлар танлови ва спорт мусобақалари ташкил этилди. “Мен Сурхондарёга келиб нима олдим?” мавзусида иншолар танлови ҳам ўтказилди.
“Жасорат мактаби” ўқув йиғинининг тантанали ёпилиш маросимида иштирокчиларнинг йиғин давомида эгаллаган билим ва кўникмалари сарҳисоб қилинди. Фаол ёшларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Мазкур ўқув йиғини ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни жисмонан чиниқтириш, амалий кўникмаларини ошириш ва келгуси ҳаёти учун зарур билимларни эгаллашига хизмат қилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА