Қайнонам – онам
Урганч давлат тиббиёт институтида 15 май – “Халқаро оила куни” муносабати билан ана шундай номланган тадбир ўтказилди.
Олийгоҳнинг хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган очиқ мулоқотда оила қадриятларини мустаҳкамлаш, келин-қайноналар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш ҳамда талаба-қизларнинг таълим олишлари учун яратилаётган имкониятларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳақида сўз борди.
Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-қизлар ҳамда уларнинг қайноналари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан олийгоҳ ректори Рашид Рўзбоев қайноналарнинг оила муҳитида тутган муҳим ўрни, айниқса, талаба-қизларнинг билим олиш жараёнида уларнинг қўллаб-қувватлаши катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, келинларига таълим олишлари, касбий ривожланишлари ва келажакда малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун шароит яратиб бераётган барча қайноналарга чуқур миннатдорчилик билдирди.
– Бугунги тадбир талаба келинлар учун жуда муҳим эди, – дейди ижтимоий фанлар кафедраси мудири Зайнаб Абидова. – Институтда талабалар учун яратилган замонавий шароитлар, таълим жараёнидаги янгиликлар, грант асосида таълим олиш имкониятлари, шунингдек, магистратура, клиник ординатура ва докторантура босқичлари ҳақида қайноналарга ҳам келинларга ҳам батафсил маълумот берилди. Бу эса келгусида оилада бўлиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олади. Талабаларимизнинг келгуси фаолиятини янада яхшиланишида туртки бўлади.
Мазкур очиқ мулоқот оила ва таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, талаба-қизларнинг илмий ва касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири