Қабул-2026: Беш кунда 432 мингдан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди
Ўзбекистонда олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёни қизғин давом этмоқда.
Ҳар йили юз минглаб ёшлар талабалик мақоми учун интилади, бу йил ҳам абитуриентлар фаоллиги юқори экани статистик маълумотларда ўз аксини топмоқда.
20 июнь куни соат 18:20 ҳолатига кўра, давлат олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул учун жами 432 минг 805 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич мамлакатда олий таълимга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, рўйхатдан ўтишнинг дастлабки кунларидаёқ юз минглаб ёшларнинг ҳужжат топшириши қабул жараёнига бўлган юқори фаолликдан далолат беради. Бу эса келгуси ўқув йили учун рақобат янада кучли бўлишини англатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қабул жараёнларининг тўлиқ рақамлаштирилиши абитуриентларга катта қулайлик яратмоқда. Энди ҳужжат топшириш учун таълим муассасаларига бориш талаб этилмайди. Барча жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда my.uzbmb.uz платформаси орқали онлайн тарзда амалга оширилмоқда.
Айни пайтда абитуриентлар учун муҳим муддатлардан бири яқинлашмоқда. Онлайн рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи 25 июнга қадар давом этади. Шу боис ҳали ҳужжат топширмаган ёшларга белгиланган муддатни ўтказиб юбормаслик тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА