Профилактика ишлари кучайтирилмоқда
Инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, аҳоли учун хавфсиз яшаш шароитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва профилактика ишларини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар бугун жойларда амалий ифодасини топмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида табиий газдан хавфсиз фойдаланиш, ис газидан заҳарланиш ҳамда ёнғин билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда туманда қарийб 6 минг нафар табиий газ истеъмолчиси истиқомат қилади. Уларнинг хонадонларида газ жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, иситиш тизимларининг техник ҳолатини назорат қилиш ва хавфсизлик талабларига риоя этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда туман газ таъминоти ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида хонадонларда профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Тарғибот жараёнида фуқароларга дудбурон ва мўриларни мунтазам тозалаш, газ жиҳозларининг созлигини текшириб туриш, электр ускуналаридан белгиланган тартибда фойдаланиш, қўлбола ва ностандарт иситиш мосламаларини ишлатмаслик юзасидан зарур тавсиялар берилмоқда.


Айниқса, ис газининг инсон ҳаёти учун ўта хавфли экани, унинг ҳидсизлиги сабабли ўз вақтида сезилмаслиги мумкинлиги тушунтирилиб, хонадонларда ҳаво алмашинуви ва мўриларнинг соз ҳолатда бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланмоқда.
Зеро, ис газидан заҳарланиш ва ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг аксарияти оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилиш орқали бартараф этилиши мумкин. Бу борада фақат масъул идораларнинг назорати эмас, балки ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бундай профилактик тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири