Энергетикада яширин хавфлар: улар қандай аниқланади ва бартараф этилади?
Электр таъминотидаги узилишлар, газ йўқотишлари, сифатсиз ёнилғи ёки энергетика объектларидаги техник носозликлар кўпинча кўзга кўринмайдиган камчиликлардан бошланади. Уларни ўз вақтида аниқлаш эса йирик авариялар, иқтисодий зарар ва инсон ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда энергетика соҳасида назоратнинг замонавий усулларини жорий этиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, техник хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўш, энергетика объектларидаги яширин носозликлар қандай аниқланади? Ёнилғи сифати ва газ йўқотишлари устидан назорат қай тартибда олиб борилади? Қоидаларга амал қилмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
Шу каби масалалар юзасидан “Ўзэнергоинспекция” бошқарма бошлиғи Ботир Ёқубов билан суҳбатлашдик.
– Энергетика соҳасида давлат назоратининг асосий мақсади электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш, энергетика объектларининг техник хавфсизлигини назорат қилиш ҳамда энергия ресурслари йўқотилишининг олдини олишдан иборат, – дея сўз бошлади у. – Бунда назорат тадбирлари билан бир қаторда, профилактик ишларга ҳам катта аҳамият берилади. Яъни, муаммо юзага келганидан кейин уни бартараф этиш эмас, балки эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлашга интиламиз.
Шу мақсадда ҳудудларда электр тармоқлари, трансформатор пунктлари ва газ тақсимлаш объектларининг техник ҳолати ўрганилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилади. Асосий вазифамиз - энергетика тизимининг ишончли ишлашини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш.
– Электр қурилмаларидаги айрим носозликлар ташқи томондан сезилмаслиги мумкин. Бундай яширин хавфларни аниқлашда тепловизор технологияси қандай аҳамиятга эга? Ҳудудлардаги текширувлар давомида қандай ҳолатлар аниқланди?
–Тепловизор қурилмалари электр ускуналари ва контакт бирикмаларидаги ҳароратни масофадан ўлчаш, меъёрдан ортиқ қизиш ҳолатларини аниқлаш имконини беради. Бу технология орқали оддий кўз билан сезиш қийин бўлган носозликларни ҳам ўз вақтида аниқлаш мумкин.
Масалан, Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги Ойбек маҳалласида жойлашган 271-сонли трансформатор пункти текширилганда контактлардаги ҳарорат 213 даражани ташкил этгани аниқланди. Марғилон шаҳридаги 100-сонли трансформатор пунктида эса бу кўрсаткич 240 даражага етган. Шунингдек, ҳудуддаги яна 6 та трансформатор пунктида меъёрдан юқори қизиш ҳолатлари қайд этилди.
Бундай ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилмаса, электр қурилмаларининг ишдан чиқиши, ёнғин ва таъминотда узилишларга сабаб бўлиши мумкин. Аниқланган нуқсонларни бартараф этиш юзасидан тегишли электр таъминоти корхоналарига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилмоқда.
– Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш ҳам истеъмолчилар учун муҳим масала. Махсус қурилмалар ёрдамида ёнилғи сифатини жойида аниқлаш имконияти қандай йўлга қўйилмоқда?
– Ёнилғи сифати транспорт воситаларининг техник ҳолатига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис уни назорат қилиш ва истеъмолчиларга ишончли маълумот тақдим этиш муҳим вазифалардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида нефть маҳсулотлари сифатини тезкор аниқлаш имконини берувчи махсус қурилмаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Жиззах ва Андижон вилоятларидаги АЁҚШларда мазкур қурилмаларнинг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Ушбу қурилмаларнинг жорий этилиши истеъмолчиларга харид қилаётган ёнилғи сифатини жойида аниқлаш имконини беради. Бу эса сифатсиз маҳсулотлар савдосининг олдини олиш, тадбиркорлик фаолиятида шаффофликни таъминлаш ва истеъмолчилар ишончини оширишга хизмат қилади.
–Энергетика объектларида ишлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш инсон ҳаёти билан боғлиқ. Бу борада қандай талаблар мавжуд ва улар бузилган тақдирда қандай чоралар кўрилади?
– Энергетика объектларида таъмирлаш, монтаж ва техник хизмат кўрсатиш ишлари белгиланган хавфсизлик талаблари асосида ташкил этилиши шарт. Ходимлар зарур ҳимоя воситалари билан таъминланиши, иш жойи хавфсизлиги текширилиши ва тегишли рухсат тартибларига амал қилиниши лозим.
Афсуски, айрим ҳолларда ушбу талабларга етарлича эътибор берилмаётгани кузатилади. Масалан, Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги 1396-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригада томонидан хавфсизлик техникаси қоидалари бузилгани аниқланди. Натижада бригада иш жойидан четлаштирилди.
Бу каби чоралар, энг аввало, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган. Чунки энергетика соҳасида хавфсизлик талабларига бепарво қараш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
–Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш давлат ва истеъмолчилар манфаатларига жиддий зарар етказади. Бундай ҳолатларни аниқлаш механизми қандай ишлайди ва қоидабузарларга нисбатан қандай жавобгарлик белгиланган?
–Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда белгиланган тартибларга риоя этиш ҳар бир истеъмолчининг мажбурияти ҳисобланади. Тармоқларга рухсатсиз уланиш, ҳисоблагичлар ёки уларнинг пломбаларига шикаст етказиш, кўрсаткичларни ўзгартириш энергия ресурсларини талон-торож қилиш сифатида баҳоланади.
Масалан, Термиз шаҳрида “Ўзэнергоинспекция”, Сурхондарё вилояти прокуратураси ва “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида 168 та хонадондан иборат кўп қаватли уйнинг тегишли рухсатномасиз газ тармоғига улангани аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига етказилган зарар 1,3 миллиард сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятидаги газ таъминоти объектларида ҳам табиий газ сарфи, ускуналарнинг техник ҳолати ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, йўқотишларни камайтириш ва тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Қонунчилик талабларига мувофиқ, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланган шахслар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади. Зеро, энергетика хавфсизлигини таъминлаш нафақат назорат органлари, балки масъул ташкилотлар, тадбиркорлар ва ҳар бир истеъмолчининг ҳам масъулиятидир. Бунинг учун қонун талабларига қатъий риоя қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни асраб-авайлаш муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.