Энергетика вазири "Навоийазот" учун барпо этилган "яшил" энергетика қувватлари билан танишди
Саноат корхоналарининг энергия таъминотида қайта тикланувчи манбалар улушини кенгайтириш, анъанавий ёқилғи ресурсларидан фойдаланишни камайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Навоий вилоятидаги "Навоийазот" АЖ учун барпо этилган қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизими ҳам бу йўналишдаги йирик лойиҳалардан биридир.
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев Кармана туманида жойлашган мазкур энергетика мажмуасида бўлиб, унинг ишлаб чиқариш салоҳияти, техник имкониятлари ва энергия сақлаш тизими фаолияти билан танишди. Ташриф давомида ишлаб чиқарилган электр энергиясини корхонага тўғридан-тўғри етказиб бериш жараёни ҳам кўздан кечирилди.
Хитойнинг "Синома" компанияси томонидан 220 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосида амалга оширилган лойиҳа доирасида 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 МВт қувват ва 75 МВт·соат энергия сиғимига эга сақлаш тизими барпо этилди.

Янги станция йилига 657 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Эътиборли жиҳати, мазкур энергия бевосита "Навоийазот" АЖнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларини қоплашга йўналтирилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида йилига қарийб 175 миллион куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдорини 377,8 минг тоннага камайтириш имконияти яратилади.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур энергетика мажмуаси корхонанинг энергия таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг экологик самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳа ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА