«Президент олимпиадаси» доирасида ўтаётган қизлар ўртасидаги гандбол мусобақаларида финалчилар аниқланди
Пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуасида гандбол бўйича қизлар жамоалари ўртасида “Президент олимпиадаси”нинг саралаш мусобақалари бўлиб ўтди.
Саралаш мусобақаларининг сўнгги кунида 7 та ўйин ўтказилди. Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ўртасидаги учрашув фарғоналикларнинг ғалабаси билан якунланди - 25:17. Кейинги ўйин Тошкент вилояти билан Самарқанд вилояти гандболчилари ўртасида кечди. Кескин ва муросасиз ўтган ўйинда 11:26 ҳисоби қайд этилди. Самарқандлик қизлар ғалаба нашидасини сурди. Жиззах ҳамда Андижон қизлари учрашуви жуда қизиқарли тус олди ва натижа 10:17 бўлди. Ғалаба андижонликларга ўтиб кетди. Навбатдаги учрашув Навоий ҳамда Хоразм жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. 23:12 ҳисоби билан тугаган ўйин, навоийликларнинг тўла ғалабаси билан якун топди. Тошкент шаҳри ҳамда Сурхондарё қизлари беллашувида яққол устунлик сурхонлик қизлар тарафда бўлди. Ҳисоб ҳам шунга яраша – 9:24. Куннинг олтинчи учрашуви Наманган вилояти билан Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари ўртасида кечди.
[gallery-30367]
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида наманганлик қизлар ғалабани илиб кетди – 25:24. Бухоро ҳамда Сирдарё қизлари куннинг сўнгги ўйинида майдонга тушди. Шиддатли тус олган беллашувда сирдарёлик қизларнинг қўли баланд келди: Сирдарё – Бухоро 30:27.
Финал йўлланмасини қўлга киритган Навоий, Сурхондарё, Наманган ва Сирдарё жамоалари навбатдаги босқичда ўз маҳоратини синовдан ўтказади.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА