Енгил атлетика: Ўзбекистон Осиё чемпионида 3-ўринни эгаллади
Хитойнинг Ордос шаҳрида енгил атлетика бўйича U23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.
Қитъанинг 20 дан зиёд давлатидан энг кучли ёш енгил атлетикачилар иштирок этган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 5 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза, жами 10 та медаль жамғариб, тарихий натижага эришди.
Чемпионатнинг сўнгги кунида енгил атлетикачиларимиз 2 та олтин ва 1 та бронза медалига эга чиқди.
Маҳоратли енгил атлетикачимиз Амир Нагаев баландликка сакраш баҳсларида барча рақибларини ортда қолдириб, Осиё чемпионатининг энг юқори шоҳсупасидан жой эгаллади.

Нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя этиб келаётган самарқандлик Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида ишончли чиқиш намойиш этиши ортидан Осиёнинг тенгсиз енгил атлетикачиларидан бири сифатида эътироф этилди.
Умидли спортчимиз Ўғилой Норбоева етти кураш баҳсларида бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон делегациясининг сўнгги кунидаги муваффақиятига муносиб ҳисса қўшди.
Умумжамоа ҳисобида Хитой терма жамоаси 23 та олтин, 17 кумуш ва 12 та бронза медали билан 1-ўринни, 7 та олтин, 8 та кумуш, 7 та бронза медалига эга Япония терма жамоаси 2-ўринни банд этган вазиятда катта таркибга эга Ҳиндистон 3 та, Қатар ва Хитой Тайпейи 3 тадан, Малайзия 1 та Осиё биринчилигининг 1 тадан олтин медалларини қўлга киритди.

Хитой спорт майдонларида истеъдодли спортчиларимиз Жонбиби Ҳукмова, Валерия Горбатова, Шарифа Давронова, Амир Нагаевларнинг ғалабаси эвазига Хитой спорт майдонида Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янграгани мамлакатимиз енгил атлетикасида янги муваффақиятлар даври бошланганини кўрсатмоқда. Буни жорий йил Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари учун ўзига хос ютуқлар пойдевори қўйилганидан далолат, дейиш мумкин.
Т. Рўзиев, ЎзА