Прекурсорлар муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Мамлакатимизда гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш билан боғлиқ фаолиятни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолининг, биринчи навбатда, ёшларнинг саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ғайриқонуний нарколабораторияларда прекурсорлардан фойдаланган ҳолда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва тарқатишга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, прекурсорларнинг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш мақсадида соҳада ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш талаб этилмоқда.
Парламент қуйи палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида прекурсорларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги норма киритилмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилганда Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда. Мазкур нормалар прекурсорларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш, синтетик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқарилишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг соғлиғини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА