Пойтахт касбий таълим муассасаларига Германия стандартлари жорий этилади
Бугунги кунда мамлакатимизда касбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ўқув жараёнларига илғор хорижий тажрибаларни, жумладан, дунёда ўзининг юқори самарадорлиги билан тан олинган немис дуал таълим моделини кенг жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай халқаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида Германия Федератив Республикасидан ташриф буюрган нуфузли делегация билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Пойтахт ҳокимлиги масъуллари, Тошкент шаҳар касбий таълим бошқармаси раҳбарияти ҳамда Германиянинг «Modeschule Berlin» модалар мактаби ва Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) вакиллари иштирок этган мазкур мулоқотда касбий таълим муассасалари фаолиятини модернизация қилиш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашинув дастурларини кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Тошкент шаҳри касбий таълим муассасалари билан Германия таълим ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, немис тажрибасини ўқув жараёнига жорий этиш, педагоглар малакасини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг халқаро амалиёт ва тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар келгусида касбий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш, замонавий ўқув дастурлари ва методикаларини ишлаб чиқиш, педагоглар учун Германияда стажировкалар ташкил этиш, ўқувчилар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, Германиянинг касб-ҳунар мактаби «Modeschule Berlin» билан шаклланган ижобий ҳамкорлик тажрибасини Тошкент шаҳридаги бошқа касбий таълим муассасаларига ҳам татбиқ этиш, хусусан, енгил саноат, тикувчилик, дизайн ва бошқа талаб юқори бўлган касблар бўйича янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА