“Пойкент билимдонлари”
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Комилжон Рўзиев ташаббуси билан Қоракўл туманида 14 та таълим муассасаси ўқувчи-ёшлари иштирокида “Пойкент билимдонлари” китобхонлик танлови ўтказилди.
5-умумтаълим мактабида икки босқичда ташкил этилган баҳсда иштирокчилар дастлаб тест синовлари орқали ўз билимларини намоён этди. Кейинги босқичда эса танлов ҳайъати томонидан берилган оғзаки саволларга тезкор ва аниқ жавоблар қайтарилиб, ёш китобхонларнинг тайёргарлиги ва билим савияси яна бир бор намоён бўлди.

Танлов Низомига мувофиқ, иштирокчилар тавсия этилган бадиий адабиётларни чуқур ўқиб-ўрганганликларини амалий жиҳатдан исботлай олдилар. Асарлардаги ижобий ва салбий қаҳрамонлар хусусидаги фикр-мулоҳазалар, таҳлил ва хулосалар ёшларнинг адабиётга бўлган қизиқиши юқори эканини кўрсатди.

Тадбир доирасида ўқувчилар томонидан ўқилган асарлар асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди, таниқли шоирлар ижодидан шеърлар ифодали тарзда ўқилди. Шунингдек, шахмат спорт тури бўйича ўтказилган мусобақа ҳам ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада чархлашга хизмат қилди.
Қизғин ва муросасиз кечган танлов якунига кўра, биринчи ўринга Нигора Бахтиёрова, Фарангиз Қодирова ҳамда Рухшона Абдуллаевалар муносиб деб топилди. Иккинчи ўрин Афруза Амирқулова, Райҳона Арашева ва Шабнам Шаҳриқуловаларга насиб этган бўлса, учинчи ўринга Дилсўз Бўстонова, Бахтигул Қобилова ҳамда Зарнигор Рустамова сазовор бўлди.
Танловнинг мутлоқ ғолиби сифатида ёш китобхон Диёрбек Турсунов эътироф этилди. Ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари билан тақдирланди. Шу билан бирга, фаол иштирокчиларга ташкилотчиларнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири