Польша билан рақамли трансформация соҳасида ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Польша Республикаси Бош вазири ўринбосари – рақамлаштириш вазири Кшиштоф Гавковский бошчилигидаги делегация “IT Park Uzbekistan” мажмуасига ташриф буюрди.
Дастлаб делегацияга Рақамли технологиялар вазирлиги ва “IT Park Uzbekistan” фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилиб, мамлакатда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, резидентлар учун яратилган шароитлар, солиқ ва инфратузилмавий имтиёзлар, экспортбоп АТ хизматларини кенгайтириш борасидаги ишлар ҳамда стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, ташриф доирасида АТ мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган Ustudy IT академияси фаолияти ҳамда Ягона интегратор UZINFOCOMда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди.
Шундан сўнг рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, талабалар ва ёш мутахассислар учун янги имкониятлар яратиш масалаларини муҳокама қилди.
Томонлар стартаплар ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, бизнес алоқаларни ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишда қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш юзасидан келишувга эришди.
Учрашувда Польшада 3000 дан ортиқ рақамли хизматлар мавжуд экани, шунингдек, Ўзбекистондаги my.gov.uz платформасига ўхшаш тизимлар жорий этилгани қайд этилди.

Делегация вакиллари Ўзбекистонда қисқа муддат ичида амалга оширилган рақамли трансформация жараёнларини юқори баҳолаб, мамлакатда яратилган замонавий АТ экотизим алоҳида эътирофга лойиқ эканини таъкидлади.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Польша ўртасида рақамли трансформация, киберхавфсизлик ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Н.Раҳмонова, ЎзА