Оилавий кўмак аёллар бандлигини 2,6 баробар оширади – тадқиқот
Хотин-қизларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўлиши фақат иш топиши ёки касбий малакасига боғлиқ эмас. Унинг уйдаги масъулияти ҳам бир олам. Масалан, фарзандини кимга ишониб қолдириши, турмуш ўртоғининг муносабати ва иш жойидаги шароит ҳам бандлик имкониятини белгилайди. Айниқса, мактабгача ёшдаги фарзанди бор аёллар учун бу масала янада долзарб.
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан социологик тадқиқот ўтказилди. Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида истиқомат қилувчи 594 нафар аёл иштирок этган сўровнома орқали уларнинг меҳнат бозоридаги иштироки, оилавий мажбуриятлари ва иш билан шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат ўрганилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, сўров иштирокчиларининг 38,7 фоизи оилавий мажбуриятларни меҳнат фаолиятига халақит бераётган асосий омил сифатида кўрсатган. Яна 25,4 фоиз респондент бола парвариши марказлари етишмаслигини қайд этган. Бундан ташқари, 16,2 фоиз аёл иш жойининг уйидан узоқлигини, 13,9 фоизи эса масофадан ишлаш имконияти йўқлигини муаммо деб ҳисоблайди. Бу рақамлардан англаш мумкинки, аёлнинг ишлаши учун фақат бўш иш ўрни яратишнинг ўзи кифоя эмас. Унинг фарзанди хавфсиз ва ишончли парваришда бўлиши, иш вақти оилавий эҳтиёжларга мос келиши ҳам зарур. Акс ҳолда, меҳнат қилиш истаги бор аёл ҳам мавжуд шароит сабабли иқтисодий фаолиятдан четда қолиши мумкин.
Тадқиқотнинг эътиборга молик жиҳатларидан бири — оилавий қўллаб-қувватлаш билан аёллар бандлиги ўртасидаги боғлиқлик. Статистик таҳлилга кўра, турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши мавжуд бўлган аёлларда иқтисодий фаол бўлиш эҳтимоли 2,64 баробар юқори. Умумий оилавий кўмак даражаси юқори бўлган ҳолатларда эса бандлик эҳтимоли 1,49 баробарга юқори экани аниқланган. Аксинча, оилада ишлашга нисбатан қаршилик мавжудлиги аёлнинг ишга кириш эҳтимоли 66,3 фоизга паст бўлиши билан боғлиқ. Демак, аёлнинг меҳнат фаолиятини фақат унинг шахсий қарори сифатида баҳолаш тўғри эмас. Оила аъзоларининг муносабати, уй юмушлари ва фарзанд тарбиясидаги иштироки ҳам унинг иқтисодий мустақиллигига таъсир кўрсатади.
Тадқиқотда аёллар томонидан ҳақ тўланмайдиган уй меҳнатига ҳам эътибор қаратилган. Ҳафтасига 12 соатдан ортиқ қўшимча уй юмушларини бажарадиган аёлларда бандлик эҳтимоли 75,4 фоизга пастлиги қайд этилган. Бу кўрсаткич ортида кундалик ҳаётда кўпинча кўзга ташланмайдиган меҳнат турибди. Болани боғчага олиб бориш, уй ишлари, овқат тайёрлаш, фарзанд тарбияси ва бошқа оилавий вазифалар аёлнинг вақти ҳамда кучини талаб қилади. Агар бу масъулиятлар оила аъзолари ўртасида тенг тақсимланмаса, унинг касбий фаолият билан шуғулланиши янада қийинлашади. Шу маънода, аёллар бандлигини ошириш масаласида иш берувчилардан ташқари оиладаги масъулият тақсимотига ҳам эътибор қаратиш зарур.
Тадқиқотда олтита таркибий кўрсаткич асосида ҳисобланган иш ва оила мувозанати индекси 60,9 фоизни ташкил этган. Бу натижа ўртача даража сифатида баҳоланган. Ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳрида индекс 66,2 фоиз, Қашқадарё вилоятида 57 фоиз бўлган. Бундан ташқари аёлларнинг кундалик шароитларга мослашиш қобилияти 3,53 балл билан нисбатан юқори баҳоланган. Бироқ, психологик барқарорлик кўрсаткичи 2,36 баллни ташкил этган. Бу натижалар аёллар турли вазифаларни бир вақтда бажаришга мослашаётганини, аммо бундай юклама уларнинг руҳий ҳолати учун ҳам муайян қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА