Пиёз танқислиги кузатилмаяпти – вазирлик
Пиёз инсон организми учун энг кўп хусусиятларга эга ҳамда фойдали витаминларга бой шифобахш маҳсулот ҳисобланади. Пиёз парваришлашнинг ўзига хос машаққатли томонлари бўлса-да, мамлакатимиз деҳқонлари бу маҳсулотни етиштиришда юқори технологиялардан фойдаланиб, мўл ҳосил олишга муваффақ бўлмоқда.
Ижтимоий тармоқларда пиёз нархи ошиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, юртимизда пиёз танқислиги кузатилмаяпти. Аксинча, жорий йилда уни етиштириш ҳажми ички истеъмол талабидан 35 фоизга кўп бўлиши прогноз қилинган. Ҳосил етарли, аммо бозорда нарх бир хил эмас.
Хўш, шу ўринда савол туғилади: ҳосил мўл бўлса, нега айрим бозорларда пиёз нархи кўтарилмоқда? Деҳқон етиштирган маҳсулот билан истеъмолчи сотиб олаётган нарх ўртасидаги фарқ қаерда шаклланяпти?
Қайд этилишича, 2026 йилда республика бўйича 1,5 миллион тонна пиёз етиштириш ҳисоб-китоб қилинган. Бу аҳолининг тиббий меъёрлар асосидаги истеъмол талабидан 400 минг тонна ёки 35 фоизга кўп. Демак, умумий ишлаб чиқариш ҳажми нуқтаи назаридан мамлакатда пиёз етарли бўлиши кутилмоқда. Бироқ, маҳсулотнинг етарлилиги унинг барча ҳудудларда бир хил нархда сотилишини англатмайди. Биргина Сурхондарё вилоятини ўзида жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 387,1 минг тонна пиёз етиштирилган. Шундан 120 минг тоннаси аҳоли истеъмолига йўналтирилган, 46 минг тоннаси экспорт қилинган, қолган қисми эса республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб берилган. Бироқ ҳозир вилоят бозорларидаги талабни қондириш учун Жиззах ва Самарқанддан пиёз олиб келинмоқда. Чунки Сурхондарёда пиёз асосан эртаки муддатда етиштирилади. Апрель–май ойларида ҳосил йиғиб олинади, ёзги юқори ҳарорат эса кечки пиёз етиштириш имкониятини чеклайди. Шунинг учун 2026 йил ҳосилининг далада қолмагани ва янги маҳсулотни бошқа ҳудудлардан олиб келиш зарурати маҳаллий бозордаги нархга таъсир кўрсатмоқда.
Маълум бўлишича, деҳқондан 2 600 сўмга олинган пиёз 4 500 сўмга сотилмоқда. Жиззах вилояти деҳқонларида пиёзнинг бир килограмм харид нархи 2 600–3 300 сўмни, Самарқанд вилоятида эса 2 800–3 000 сўмни ташкил этмоқда. Лекин маҳсулотни Сурхондарёга етказиб бериш ҳам текин эмас. Транспорт-логистика харажатлари бир килограмм учун 350–370 сўм атрофида. Натижада пиёзнинг етказиб бериш таннархи Жиззахдан келтирилганда 2 950–3 650 сўмни, Самарқанддан олиб келинганда эса 3 150–3 350 сўмни ташкил қилмоқда. Денов туманигача етказишда бу кўрсаткич 3 400–3 500 сўмгача бормоқда. Бугун Сурхондарё бозорларида пиёзнинг чакана нархи эса 4 000–4 500 сўм атрофида шаклланган.
Агар маҳсулот деҳқондан 3 300 сўмдан харид қилиниб, 350 сўм транспорт харажати билан бозорга етказилса, унинг таннархи 3 650 сўм бўлади. 4 000 сўмдан сотилганда ўртадаги фарқ 350 сўмни ташкил этади. Агар пиёз 2 600 сўмдан харид қилиниб, 350 сўм транспорт харажати қўшилса, таннарх 2 950 сўмга тенг бўлади. Маҳсулот 4 500 сўмдан сотилганда эса ўртадаги фарқ 1 550 сўмга етади. Бу таннархга нисбатан 52,5 фоизлик тафовутдир. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, фарқни тўлиқ соф фойда деб бўлмайди. Савдо жойи, сақлаш, ортиш-тушириш ва бошқа харажатлар ҳам бор. Аммо харид нархи билан чакана нарх ўртасидаги бундай тафовут бозордаги нарх шаклланишини янада шаффоф ўрганиш зарурлигини кўрсатади.
Вазирлик маълумотида ҳам айрим ҳолларда олиб-сотар тадбиркорларнинг савдо маржаси 25 фоиздан 50 фоизгача етаётгани қайд этилган. Пиёз нархига фақат етиштириш харажатлари эмас, балки маҳсулотнинг деҳқондан истеъмолчигача бўлган йўлидаги ҳар бир босқич таъсир кўрсатмоқда.
Деҳқон учун ҳам ҳосил етиштириш тобора кўпроқ харажат талаб қилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йилда бир гектар майдонда пиёз етиштириш учун ўртача 65,5 миллион сўм сарфланади. Бунда гектаридан 35 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Натижада бир тонна маҳсулотнинг етиштириш таннархи 1 миллион 870 минг сўмга тўғри келади. Харажатларнинг энг катта қисми — 26,5 миллион сўми меҳнат ҳақи ва қўшимча тўловларга сарфланади. Бу жами харажатнинг 40,5 фоизидир. Минерал ўғитлар ва кимёвий ҳимоя воситалари учун 15,8 миллион сўм, уруғлик ёки кўчат харидига 9,6 миллион сўм, механизация хизматлари ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларига 8,2 миллион сўм йўналтирилади. Бундан ташқари, ер ва сув солиғи, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа харажатлар ҳам бор. Шу маънода, маҳсулотнинг бозордаги қийматини баҳолашда уни етиштиришдан тортиб, истеъмолчи дастурхонигача бўлган жараённи яхлит кўриш лозим.
Вазирлик пиёз нархига таъсир қилаётган бир нечта омилни санаб ўтган. Булар — маҳсулот етиштиришнинг мавсумий хусусияти, бошқа ҳудудлардан ташиб келиш харажатлари, ёқилғи-мойлаш материаллари ва транспорт-логистика хизматлари қиймати.
Шу билан бирга, маҳсулотни қимматроқ сотиш мақсадида бозорга чиқармасдан ушлаб туриш ҳолатлари ҳам вазирлик эътиборидан четда қолмаган. Идора бундай ҳаракатлар иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқламаслигини таъкидламоқда. Чунки пиёз узоқ сақланганда вазнини йўқотиши, сифати бузилиши ва натижада маҳсулот эгаси зарар кўриши мумкин.
Маълум қилинишича, айни пайтда мамлакат ҳудудларида 2026–2027 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун жами 102,8 минг тонна пиёзни захирага жамғариш ишлари олиб борилмоқда. Шундан 2 750 тоннаси Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Зарур ҳолларда захирадаги маҳсулотларни ички бозорга интервенция қилиш, яъни бозорга чиқариш ва махсус савдо расталари орқали арзонлаштирилган нархларда сотиш имконияти ҳам мавжуд. Бу, албатта, ижобий чора. Бироқ унинг самараси қоғоздаги захира миқдори билан эмас, аҳоли бозорда маҳсулотни қанча нархда харид қила олиши билан ўлчанади.
Шунинг учун захирадаги маҳсулотлар қачон, қайси ҳудудларда ва қандай нархларда савдога чиқарилиши ҳам муҳим. Агар нархлар кўтарилаётган ҳудудларга ўз вақтида маҳсулот етказиб берилса, бу бозордаги кескинликни юмшатишга хизмат қилиши мумкин. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва водий вилоятларида пиёзни далалардан йиғиб олиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳам яқин даврда ички бозор таклифига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА