Хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилади
Андижон туманида қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали боғлар ва токзорларда фитосанитария барқарорликни таъминлаш, зарарли организмларнинг қишлов манбаларини камайтириш ҳамда 2027 йилда боғлардан мўл ҳосил етиштиришга тайёргарлик масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Даладан дастурхонгача бўлган озиқ-овқат хавфсизлиги занжири - энг аввало, соғлом тупроқ, соғлом ўсимлик ва тўғри ташкил этилган агротехник тадбирлардан бошланади.
Андижон вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ошириш, фитосанитария тадбирларини сифатли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган семинарда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тизимнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси йўналиши инспекторлари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти Андижон минтақавий филиали ходимлари, соҳа мутахассислари, фермер хўжалиги вакиллари, боғбонлар иштирок этди.
– Бугунги глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида аҳолини сифатли, хавфсиз ва экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб вазифалардан бири, – дейди вилоят Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдукарим Жалилов. – Бунда қишлоқ хўжалиги экинларида фитосанитария барқарорликни сақлаш, зарарли организмларнинг олдини олиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.


Семинарда мутахассислар томонидан куз-қиш мавсумида боғларда бажарилиши лозим бўлган фитосанитария ва агротехник тадбирларни самарали амалга ошириш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Жумладан, биологик воситалардан кенг фойдаланиш мақсадида алдамчи тутқич белбоғларни ўрнатиш ҳамда зараркунандаларнинг қишловчи босқичларини аниқлашга қаратилган кузги назорат-ер ковлаш жараёнлари амалда кўрсатиб берилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, жорий йил куз мавсумида вилоятда 19 минг гектардан ортиқ мевали боғларда кузги агротехник тадбирларни ўтказиш, алдамчи тутқич белбоғларни боғлаш ҳамда 50 минг гектар майдонда назорат ковлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.


Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йил ноябрь-декабрь ойларида дала четлари, канал ва коллектор-дренаж қирғоқларига 7 хил турдаги экспортбоп мевали дарахт кўчатларини танлаш, экиш ва парваришлаш бўйича мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.
Зеро, кузги агротехник тадбирларни самарали ўтказиш, ўсимликлар, хусусан, боғларнинг фитосанитария ҳолатини яхшилаш халқимиз дастурхонини хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг муҳим гаровидир.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири