Бугунги ҳаракат – эртанги мўл ҳосилнинг гарови
Наманган вилояти Норин туманида 2027 йил ҳосилига пухта замин яратиш мақсадида кузги дала ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Хусусан, ер майдонларини шудгорлаш, кузги ғалла парвариши ва қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Дала ишларига жалб этилган қишлоқ хўжалиги техникалари ёрдамида ер майдонлари белгиланган агротехник талаблар асосида шудгорланяпти. Бунда иш сифатини таъминлаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ернинг намлик захирасини оширишга эътибор қаратилган.
Мазкур агротехник тадбирлар келгуси йилда қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Айни пайтда туманда 4 минг 322 гектар майдонга келгуси йил ҳосили учун экин экилган. Мавжуд ғалла майдонларида ниҳолларни парваришлаш, ўз вақтида суғориш, озиқлантириш ва бошқа зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Шу билан бирга, фермер хўжаликларида пахтачилик мавсумида фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш, созлаш ва навбатдаги мавсумга шай ҳолатга келтириш чоралари кўрилмоқда.
[gallery-32356]
Даладаги бугунги меҳнат, ўз вақтида ва сифатли бажарилаётган агротехник тадбирлар келгуси йил ҳосилдорлигини ошириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА