Келгуси ҳосилни асраш бугундан бошланади
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни таъминлашда куз-қиш даврида зараркунанда ҳашаротларнинг қишловчи босқичларини аниқлаш, уларнинг кўпайиши ва тарқалишининг олдини олиш, боғ ҳамда дала майдонларининг фитосанитария ҳолатини яхшилаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, вақтида кўрилган профилактик чоралар эртанги ҳосилнинг сифати ва миқдорига бевосита таъсир кўрсатади.
Тошкент вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ҳудудларда айнан шу мақсадларга қаратилган комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда. Бошқарманинг туман ва шаҳарлардаги бўлимлари инспекторлари томонидан боғдорчилик- фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда фитосанитария назорати, профилактик ва агротехник ишлар тизимли ташкил этилган.
Айниқса, мевали боғларда зараркунандаларнинг қишловчи захирасини камайтириш, уларнинг келгуси мавсумда тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, ҳозир вилоятда 3 минг 560 та боғдорчилик субъектига тегишли 35 минг 583 гектар боғ майдони мавжуд. Ушбу майдонларда алдамчи белбоғлар ўрнатиш, касалланган шох-шаббаларни буташ ва бошқа агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мавсум бошидан буён 5 минг 746 гектар боғ майдонида алдамчи тутқич белбоғлар ўрнатилди. Шунингдек, 1 минг 371 гектар майдонда касалланган шох-шаббаларни буташ ва бошқа агротехник тадбирлар бажарилди.
– Тадбирлар зараркунандаларнинг дарахт танаси ва шохларида қишлаб қолиш эҳтимолини камайтириш, касаллик манбаларини бартараф этиш ҳамда боғларда соғлом фитосанитария муҳитни шакллантиришга хизмат қилади, – дейди Тошкент вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасининг Юқори Чирчиқ туман бўлими етакчи мутахассиси Хусан Ўринбоев. – Жараёнда ҳудудий инспекторларимиз нафақат амалга оширилаётган ишларни назорат қилмоқда, балки боғдорчилик субъектлари ва фермерларга амалий-услубий ёрдам ҳам кўрсатмоқда. Хусусан, алдамчи белбоғлардан тўғри фойдаланиш, зарарланган шохларни ўз вақтида буташ, боғларда санитар тозаликни таъминлаш ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усуллари бўйича тушунтириш ишлари, ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.

Муҳим жиҳати шундаки, зараркунандаларга қарши кураш фақат боғлар билан чекланмайди. Дала майдонларида ҳам уларнинг қишловчи босқичларини аниқлаш, тарқалиш даражасини баҳолаш ва келгуси мавсум учун аниқ чора-тадбирлар белгилаш зарур.
Шу боис бош бошқарма томонидан вилоятнинг қишлоқ хўжалиги экин майдонларида кузги назорат — раскопка ишлари ҳам ташкил этилган. Вилоятда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган жами 280 минг 20 гектар экин майдони мавжуд. Шундан 25 фоизи, яъни 65 минг 396 гектарида кузги назорат ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 24 минг 850 гектар майдонда мазкур тадбирлар бажарилди.

Кузги назорат жараёнида тупроқ қатламлари текширилиб, зараркунанда ҳашаротларнинг қишловчи босқичлари ва захираси аниқланади. Бу эса келгуси мавсумда қайси ҳудудларда, қайси экин турларида ва қандай кураш чораларини қўллаш зарурлигини олдиндан белгилаш имконини беради.
Ушбу ишлар ҳам бош бошқарманинг ҳудудий бўлимлари инспекторлари иштирокида тизимли мониторинг қилиб борилмоқда. Дала кузатувлари ва тупроқни ковлаш ишларининг ўз вақтида, белгиланган талаблар асосида бажарилишига эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилган тадбирлар фермер хўжалиги номи ва аниқ манзили кўрсатилган ҳолда фотоҳисоботлар билан бирга “Дала назорати” автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳам киритилмоқда.

Албатта, фитосанитария хавфсизликни таъминлашда фақат мутахассислар назоратининг ўзи етарли эмас. Бу жараёнда фермерлар, боғдорчилик субъектлари ва ер эгаларининг ҳам фаол иштироки талаб этилади. Чунки зараркунандаларнинг қишловчи захирасини камайтириш, касаллик манбаларини ўз вақтида бартараф этиш ва агротехник талабларга риоя қилиш ҳар бир хўжаликнинг кундалик фаолиятида устувор вазифа бўлиши лозим.
Шу маънода, Тошкент вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан олиб борилаётган ишлар бир марталик тадбир эмас, балки қишлоқ хўжалиги майдонларида фитосанитар барқарорликни таъминлашга қаратилган тизимли жараёндир. Келгусида ҳам боғ ва дала майдонларида профилактик назоратни давом эттириш, зараркунандаларнинг қишловчи босқичларини камайтириш, аниқланган хавф омилларини ўз вақтида бартараф этиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларга илмий асосланган тавсиялар бериш белгиланган.

Зеро, қишлоқ хўжалигида ҳосилни сақлаш уни етиштиришдан олдин бошланади. Бугунги пухта назорат, ўз вақтидаги профилактика ва масъулиятли агротехник ёндашув эртанги куннинг мўл-кўл дастурхони учун муҳим замин яратади.
А.Мусаев,ЎзА