Педагогларнинг билим ва маҳорати синовдан ўтмоқда
Таълим сифатини янада ошириш, педагог кадрларнинг касбий билим ва кўникмаларини холис баҳолаш, уларнинг касбий ривожланишини рағбатлантириш ҳамда таълим тизимида малакали мутахассислар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагоглари учун малака тест синовлари ўтказилмоқда.
26 октябрда бошланган мазкур жараёнлар 28 ноябрга қадар давом этади. Синовларда иштирок этиш учун педагоглардан жами 302 минг 422 та ариза келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш натижасида 240 минг нафардан зиёд педагогнинг аттестацияда қатнашиши белгиланган.
Малака синовлари 46 та фан йўналиши бўйича икки босқичда ташкил этилган. Биринчи босқичда педагогларнинг мутахассислик фани ва касбий стандартларга оид билимлари баҳоланади. Бунинг учун иштирокчиларга мутахассислик фанидан 35 та, касбий стандартлар бўйича 5 та тест саволи тақдим этилади.
Иккинчи босқичда эса педагогик маҳоратни аниқлашга қаратилган 10 та топшириқ берилади. Бунда ўқитувчиларнинг таълим жараёнини ташкил этиш, билимларини амалиётда қўллаш, турли вазиятларни таҳлил қилиш ва самарали педагогик ёндашувлардан фойдаланиш кўникмалари баҳоланади.
Мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун ҳам аттестация икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич 30–31 октябрь кунлари таълим соҳасига масъул вазирлик томонидан, иккинчи босқич эса тегишли равишда спорт ва маданият соҳаларига масъул вазирликлар томонидан ташкил этилади.
Синовларда барча иштирокчилар учун тенг шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, кўзи ожиз педагоглар учун махсус тест саволлари тайёрланиб, уларнинг аттестацияда иштирок этиши учун алоҳида кунлар белгиланган.
Малака синовлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган махсус тест марказларида ўтказилмоқда. Жараёнларнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш, ташқи аралашувнинг олдини олиш ҳамда инсон омили таъсирини камайтириш мақсадида зарур ташкилий ва техник чоралар кўрилган.
Аттестация натижалари электрон шаклда расмийлаштирилиб, тегишли сертификатлар педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
[gallery-32213]
Мазкур синовлар педагог кадрларнинг касбий тайёргарлигини баҳолаш, уларнинг ўз устида ишлаши ва малакасини мунтазам ошириб боришини рағбатлантириш, пировардида таълим сифатини юксалтиришга хизмат қилади.
Камола ЮСУПОВА,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА