Янги Тошкент: имкониятдан натижага – инвесторлар ишончи қандай мустаҳкамланмоқда?
Александр Баканов Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлашдан аввал бу ерда инвесторлар учун яратилган имкониятларга бироз шубҳа билан қараган эди. Бироқ илк лойиҳасини муваффақиятли амалга оширгач, унинг фикри бутунлай ўзгарди. Бугунги кунга келиб, тадбиркорнинг Янги Тошкент ҳудудидаги тўртта йирик лойиҳаси ишга туширилган.
– Тўғрисини айтсам, дастлаб ўзим ҳам бундай кенг имкониятларга шубҳа билан қарагандим, – дейди россиялик инвестор Александр Баканов. – Россияда ҳам сезиларли иш тажрибасига эгаман, бироқ у ерда бу каби қулай шароитларни кўрмаганман. Илк лойиҳамизни амалга ошириб, берилган имтиёзларни амалда ҳис қилгач, бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилдик. Энг муҳими, белгиланган шартларни аниқ бажаришдир. Биз ушбу талабларни бажардик ва барча имкониятлардан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаландик.
Маълумки, инвестор учун фақат имтиёзларнинг ўзи етарли эмас. Лойиҳанинг муваффақияти ер ажратиш, рухсатномалар олиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва қурилишни бошлаш жараёнларининг нақадар тез ва шаффоф эканлигига боғлиқ. Акс ҳолда, йирик маблағ ҳам, истиқболли ғоялар ҳам кутиш залларида қолиб кетаверади.
12 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида Янги Тошкентдаги асосий масала ҳам айнан шу нуқтадан қўйилди. Уч йил аввал бошланган лойиҳага 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бироқ тадбиркорларга ҳозиргача 94 гектар ер ажратилган. 28 та лотда эса фаол қурилиш ҳали бошланмаган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу сусткашликни фақат инвесторларда маблағ ёки қизиқиш йўқлиги билан изоҳлаб бўлмайди. Лойиҳалар суръатига эскирган талаблар, ойлаб чўзиладиган рухсат бериш жараёнлари ҳамда айрим идораларнинг ҳамкор эмас, балки назоратчи сифатида иш тутиши жиддий тўсиқ бўлмоқда. Вазиятни тубдан ўзгартириш мақсадида, ер ажратиш босқичидан бошлаб объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш ва соддалаштириш бўйича қатъий вазифалар белгиланди.
Энг аввало, инвесторларнинг харажатларини тизимли равишда камайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Янги тартибга кўра, савдо, хизмат кўрсатиш ва бизнес марказлари учун инфратузилма тўловлари уч баробарга, меҳмонхона ва туризм объектлари учун беш баробарга, маданият ва кўнгилочар масканлар учун эса ўн баробарга пасайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари учун бу тўлов рамзий маънода атиги 1 фоиз этиб белгиланмоқда. Энг муҳими, мазкур имтиёз ва енгилликлар қурилиши аллақачон бошланиб кетган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади.
Бироқ сармоядорларни жалб этиш фақат молиявий тўловларни камайтириш билан чекланиб қолмайди. Инвестор қурилиш ишларини қачон бошлаши, қайси ҳужжатни қайси идорадан олиши ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига қандай уланишини олдиндан аниқ билиши шарт. Шу мақсадда, келгусида архитектуравий концепцияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қурилишга оид барча рухсатномалари олдиндан тайёрлаб қўйилган ер майдонларини савдога чиқаришни кўпайтириш белгиланди. Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган йирик лойиҳаларга эса объект тўлиқ ишга тушгунига қадар шахсий масъул бириктирилади. Шунингдек, тузиладиган алоҳида инвестиция битимида томонларнинг мажбуриятлари ҳамда ҳар бир лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда мос шартлар аниқ қайд этилади.
Шу билан бирга, йирик тижорат объектлари учун ер майдонларини ажратишда халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган “Swiss challenge” тамойили жорий этилмоқда. Ушбу тизимга кўра, дастлабки инвесторнинг лойиҳавий таклифи кенг жамоатчиликка очиқ эълон қилинади. Агар бошқа бирор бир иштирокчи ушбу лойиҳа бўйича янада манфаатлироқ ва яхшироқ шартларни таклиф этса, соғлом рақобат муҳити шакллантирилади. Бордию, муайян вақт ичида бошқа муқобил таклифлар келиб тушмаса, ер майдони ҳеч қандай тўсиқларсиз дастлабки ташаббускорга ажратиб берилади.
Муҳим жиҳати, Янги Тошкентда яратилаётган кенг имкониятлар фақат пойтахт тадбиркорлари билан чекланиб қолмайди. Тошкент шаҳрининг ҳар бир тумани ҳамда республиканинг қолган 13 та ҳудудига ушбу мегалойиҳадан 100 гектардан майдон бириктирилиши белгиланди. Хорижий сармоядорларни жалб қилиш мақсадида эса биринчи босқичнинг ўзидаёқ 50 та алоҳида лот ажратилади.
Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси директори Даврон Одиловнинг таъкидлашича, давлат раҳбари билан ўтказилган очиқ мулоқотдан сўнг, аввалроқ иккиланиб турган кўплаб маҳаллий ва хорижий тадбиркорларнинг шубҳалари тарқаб, йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича якуний келишувлар имзолана бошлаган.
– Энг муҳими, тизимда қарор қабул қилиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштирадиган янги механизм яратилди, – дейди Даврон Одилов. – Бу ислоҳотлар тадбиркорларга ҳам, бизнес вакилларига ҳам, қолаверса, Дирекция ходимларига ҳам жуда катта енгилликлар берди. Энди олдимизда турган бош вазифа, лойиҳаларни амалга ошириш суръатини максимал даражада тезлаштиришдан иборат.
Дирекция раҳбарининг маълум қилишича, ҳозирнинг ўзидаёқ умумий қиймати 3 миллиард долларгача бўлган истиқболли лойиҳалар тақдим этиб бўлинган. Ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва ишлаб чиқиш жараёнида Янги Тошкент шаҳрининг Бош режасини тайёрлаган Буюк Британиянинг етакчи архитектор ва муҳандислари билан яқиндан ҳамкорлик қилинади ҳамда уларнинг халқаро маслаҳатлари олинади.
Юқорида тилга олинган россиялик инвестор Александр Бакановнинг тажрибаси ҳам сармоя қиймати фақат киритилган маблағ миқдори билан ўлчанмаслигини яққол исботлайди. Унинг компанияси ҳудудда замонавий электр подстанциясини барпо этиш билан бир қаторда, маҳаллий мутахассисларнинг ушбу янги технологияларни мустақил бошқара олиши учун тажриба алмашиш тизимини ҳам йўлга қўйди. Муаззам фаввора лойиҳаси эса шаҳарнинг маданий қиёфаси ва туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА