Ижтимоий ҳимоя: оилалар фаровонлигига хизмат қилади
Болаларга сифатли парвариш ва ривожланиш учун зарур шароит яратиш ижтимоий ҳимоя тизимининг муҳим вазифаларидан биридир. Тошкент вилоятида йўлга қўйилаётган кундузги парвариш хизматлари болалар ва уларнинг оилалари учун янги имкониятлар яратмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси билан тузилган битим асосида жорий йилнинг май ойида Оққўрғон туманидаги Мустақиллик маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилган эди.
Бугунги кунда мазкур марказда 25 нафар болага кундузги парвариш хизмати кўрсатилмоқда. Бу ерда ҳар бир боланинг индивидуал имкониятлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, салоҳиятини ривожлантириш ҳамда мустақил ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Машғулотлар болаларнинг ёши, имкониятлари ва ҳолатини инобатга олган ҳолда, индивидуал режалар асосида ташкил этилмоқда. Парвариш билан бир қаторда, таълимий ва ривожлантирувчи машғулотлар, ижтимоий мослашув ҳамда реабилитация тадбирлари ҳам олиб борилмоқда. Бу эса болаларнинг шахсий қобилиятларини ривожлантириш, мустақиллик кўникмаларини шакллантириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Эътиборлиси, кундузги парвариш хизмати нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари ҳаётида ҳам ижобий ўзгаришларга замин яратмоқда. Хусусан, фарзандларини мазкур хизматга жалб этган беш нафар ота-она ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.

Бу, ўз навбатида, ота-оналарнинг бандлигини таъминлаш, оила даромадини ошириш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, фарзандининг парваришини таъминлаган ота-она ўз меҳнат фаолияти ёки тадбиркорлик ишларига кўпроқ эътибор қаратиш имкониятига эга бўлади.
Марказда олиб борилаётган ишлар натижасида икки нафар бола 78-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабга, яна бир нафар бола эса умумтаълим мактабига йўналтирилди.

Бу натижалар кундузги парвариш хизмати болаларни кейинги таълим босқичига тайёрлаш, уларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш ва жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. Ҳудудларда бундай хизматларнинг кенгайиб бораётгани болалар манфаатларини таъминлаш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Мутахассисларнинг маълумот беришича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан бугунги кунгача вилоятнинг туман ва шаҳарларида жами 21 та кундузги парвариш хизмати ташкил этилган. Ушбу хизматларга 324 нафар бола қамраб олинган бўлиб, уларнинг парвариши учун давлат томонидан жами 4 миллиард 3 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган.
А.Мусаев,ЎзА