Бекобод – 2040 йилгача ривожланишнинг янги босқичида
Бекобод шаҳри ҳокими Наримонжон Исмаилов ва “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев Хитойнинг "China State Construction" корпорацияси директорлар кенгаши раиси Гао Бо билан учрашди. Мулоқот давомида шаҳарни 2040 йилгача ривожлантириш концепцияси, "Ўзметкомбинат" АЖни модернизация қилиш ҳамда истиқболли шаҳарсозлик режалари муҳокама қилинди.
Мазкур концепцияда шаҳарни уй-жой, таълим, транспорт ва ободонлаштириш маркази сифатида ривожлантириш, янгиланган ҳудудида эса маъмурий бошқарув, бизнес ва юқори технологияли ишланмалар учун замонавий инфратузилма яратиш таклиф этилган.
Бундан ташқари, шаҳар иқтисодиётининг асосий таянчи бўлган саноатни модернизация қилиш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Хусусан, “Ўзметкомбинат” АЖ фаолиятини такомиллаштириш, пўлатни чуқур қайта ишлаш, замонавий ускуналар ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш кўзда тутилган. Жойларда саноат туризми имкониятларидан фойдаланиш ҳам таклиф этилмоқда.

Учрашувда Бекободнинг чегараолди ҳудудда жойлашгани ҳам янги иқтисодий имкониятларни юзага чиқаришда муҳим омил экани таъкидланди. Концепцияда чегара орқали савдо, божхона ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, қурилиш материаллари савдосини кенгайтириш орқали тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун қўшимча шароитлар яратиш назарда тутилган.
Шу билан бирга, шаҳарнинг табиий салоҳиятидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Сирдарё соҳилида замонавий жамоат ҳудудлари, сайр йўлаклари, дам олиш масканлари ва маданий-туристик объектларни ташкил этиш таклиф қилинган. Янги шаҳар ҳудудида эса экологик жиҳатдан қулай турар жойлар, маданият ва савдо масканлари, юқори технологияли саноат ҳудудлари ҳамда яшил зоналарни барпо этиш режалаштирилган.

Мақсад аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ва шаҳарнинг иқтисодий жозибадорлигини оширишдир. Жумладан, ҳудудда аҳоли сонини 100 мингдан 170 минг нафаргача етказиш, эски ва янги шаҳар ўртасида ягона транспорт тизимини шакллантириш, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш белгиланган. Бу эса аҳоли эҳтиёжларининг катта қисмини шаҳарнинг ўзида қондириш, янги иқтисодий фаоллик нуқталарини шакллантириш ва тадбиркорлик учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, тақдим этилган концепция Бекободни 2040 йилгача ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берувчи дастлабки таклифлар мажмуасидир. Лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ параметрлари, молиявий кўрсаткичлари ва муддатлари кейинги қарорлар ҳамда лойиҳалаш ишлари жараёнида белгиланади.

Мулоқот якунида Бекобод шаҳар ҳокимлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ ва “China State Construction” корпорацияси вакиллари ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди. Шаҳарнинг узоқ муддатли тараққиётига қаратилган концепция “икки ядро, икки қанот” моделига асослангани қайд этилди. Унга кўра, мавжуд шаҳар ҳудудини замонавийлаштириш, янги инновацион марказни шакллантириш ва шаҳарни шимоли-ғарбий йўналишда кенгайтириш назарда тутилган.

Шундан сўнг Хитой делегацияси вакиллари Бекобод шаҳридаги қатор ижтимоий объектлар фаолияти билан танишди. Хусусан, меҳмонлар Нўъмон ибн Собит жоме масжиди ва унинг ҳудудида ташкил этилган кутубхона, шунингдек, нодавлат таълим муассасасида бўлиб, яратилган шароитлар ҳақида маълумот олди. Дўстлик маҳалласига ташриф давомида эса делегация вакилларига Ўзбекистонда маҳалла институтининг ўрни, “маҳалла еттилиги” тизими фаолияти ва аҳоли билан ишлаш механизмлари ҳақида тушунтириш берилди. Шунингдек, кўп қаватли уй-жойларни сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва аҳолини коммунал хизматлар билан таъминлашга ихтисослашган бошқарув сервис компанияси фаолияти билан таништирилди.
А. Мусаев, ЎзА