Партия депутатлик гуруҳлари фаолияти ижобий баҳоланди
Андижонда "Фуқаролик жамияти ҳафталиги" доирасида Ўзбекистон "Адолат" СДП Андижон вилоят кенгаши ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида "Адолат" СДПнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, ҳудудий Кенгашлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Унда маҳаллий вакиллик органларида “Адолат” СДП депутатлик гуруҳларининг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини янада кучайтириш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда партия сайловолди дастури ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллий кенгашлар котибиятлари билан ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда депутатлик гуруҳларининг маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги ўрни, аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги ташаббуслари ва партия дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, депутатлик сўровлари, назорат-таҳлил тадбирлари ва кенгаш сессияларида илгари суриладиган ташаббуслар орқали аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
“Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева партия вилоят кенгаши, маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини қарор топтириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Атаханов ўз сўзида депутатлар фаолияти самарадорлиги таҳлили, шунингдек, партия депутатлик гуруҳлари олдида турган устувор вазифалар ҳақида гапирди.
Қайд этилишича, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари - 53 нафар депутат ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган 9 ойида маҳаллий кенгашларда 9 та муҳим қарор қабул қилинди. Эътиборлиси, ушбу қарорларнинг барчаси партиянинг дастурий мақсадларига эришиш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик ўрганишларининг амалий натижаси бўлди.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар ўзаро фикр алмашди, партия ва депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири