35 та оиланинг муаммосига ечим топилди
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва ҳаётий шароитини яхшилаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Маҳаллада 2025 йил август ойидан буён ижтимоий ходим сифатида фаолият юритаётган Чарос Норбобоева ҳар бир оиланинг ижтимоий аҳволи, эҳтиёж ва имкониятларини алоҳида ўрганиб, мавжуд муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилмоқда.
Бугунги кунда Хўжаилғор маҳалласида 6 минг 269 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ижтимоий ходим томонидан оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар билан индивидуал ишлаш мақсадида 50 та ижтимоий иш – “кейс” очилган бўлиб, уларнинг 35 таси ижобий ҳал этилган.

Ҳар бир ҳал этилган кейс ортида инсон тақдири, оила ташвиши ва ўз ечимини кутаётган муаммо мужассам. Дилдора Муродова оиласи мисолида ҳам буни кўриш мумкин.
Дастлаб оиланинг ижтимоий шароити ва эҳтиёжлари ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилган. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар хариди учун моддий ёрдам ажратилишига кўмаклашилган. Шунингдек, оиланинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида давлат таъминотидаги оилалар учун назарда тутилган фоизсиз кредит ажратилиб, ҳозирда оила чорвачилик билан шуғулланмоқда.

Эътиборли жиҳати, оиланинг фарзанди ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлашдан четда қолмаган. Ёзги таътил даврида у оромгоҳга юборилган, билим ва қобилиятини ривожлантириш мақсадида бепул фан тўгарагига жалб этилган.
Бу каби ёндашув ижтимоий ходим фаолияти фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмаслигини кўрсатади. Зеро, оиланинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, фарзандлар таълими ва камолоти учун шароит яратиш ҳам ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Айни пайтда маҳаллада ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни аниқлаш, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Зеро, самарали ижтимоий ҳимоя бу фақат ёрдам кўрсатиш эмас, балки инсоннинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, оила фаровонлигига эришиши учун зарур имкониятларни яратишдир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири