ТДЮУда ёшлар мулоқоти: ташаббуслар ва ишонч ёрлиқлари
Бугун мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада навқирон авлод вакиллари, айниқса, бўлажак ҳуқуқшунослар билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқотларни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Хайрулла Сатторов ҳамда ТДЮУ ректори Бахшилло Хўжаев иштирокида талабалар билан ўтказилган очиқ мулоқот қизғин баҳс-мунозаралар ва янги ташаббусларга бой бўлди.

Учрашувда талабаларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни қизиқтирган саволлар муҳокама қилинди.
Ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини амалга ошириш ҳамда университет ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир доирасида университетдаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти координаторларига тантанали равишда ишонч ёрлиқлари топширилди.

Координаторларга ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, талабаларни бирлаштириш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятида муваффақият тиланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА