Тошкентда тугатилган сув ҳавзалари ҳамда яшил ҳудудларни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда
Тошкент шаҳри жадал урбанизация ва иқлим ўзгариши даврини бошдан кечираётган бугунги кунда аҳоли учун қулай ва соғлом экологик муҳит яратиш энг долзарб вазифалардан бирига айланди. Мазкур йўналишда пойтахтимизда, хусусан, Чилонзор туманида «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида янги сунъий кўл ва яшил дам олиш маскани барпо этилаётгани шаҳар экотизими учун муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.
Шаҳар марказидаги бундай сув ҳавзалари шунчаки чиройли манзара ёки ҳордиқ маскани эмас, балки маҳаллий микроиқлимни мўтадиллаштирувчи, ҳавони чанг ва ифлосланишлардан тозаловчи ҳамда аҳолининг жисмоний ва руҳий соғлиғини тиклашга хизмат қилувчи улкан табиий фильтрдир.
Шу сабабли, Тошкент шаҳрида янги сунъий кўллар ва яшил ҳудудларни ташкил этиш, шунингдек, аввал мавжуд бўлган, бироқ вақт ўтиши билан йўқолган ёки тугатилган сув ҳавзалари ҳамда яшил ҳудудларни қайта тиклаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу аҳоли ва шаҳар меҳмонлари учун янги дам олиш маскани лойиҳаси Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий майдони 23 минг квадрат метр (2,3 гектар) бўлиб, шундан 18 700 квадрат метри сунъий кўл учун ажратилган. Кўлнинг сув сиғими қарийб 37 400 куб метрни ташкил этади.
Лойиҳа доирасида ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, 150 туп янги дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Шунингдек, дам олувчилар учун умумий узунлиги 4 600 метр бўлган пиёдалар ва велойўлаклар, 2 та фаввора ҳамда бошқа зарур инфратузилма ташкил этиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг ўзига хос меъморий ечимларидан бири кўл ҳудудида ўрнатилиши режалаштирилаётган 30 метр баландликдаги айланувчи аркали рамзий дарвозадир. Ушбу иншоотнинг меъморий концепциясини шакллантиришда италиялик мутахассисларнинг дастлабки таклифлари ҳам ўрганилган. Мазкур ғоялар маҳаллий мутахассислар томонидан қайта ишлаб чиқилиб, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва лойиҳа талабларига мослаштирилди.
Лойиҳачи “Лидер Проф Проект” МЧЖ мутахассислари томонидан аркали иншоотнинг мураккаб конструктив ва механик ечимларини ишлаб чиқишда хорижий, жумладан, хитойлик мутахассислар билан техник ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, дастлабки лойиҳа ечимларида аркали иншоот ичида иккита лифт жойлаштириш имконияти ҳам назарда тутилган. Янги масканнинг "Magic City" ва Миллий боғга туташ жойлашуви уни нафақат яқин маҳаллалар аҳолиси, балки пойтахтнинг бошқа ҳудудларидан келувчи фуқаролар ва сайёҳлар учун ҳам жозибадор дам олиш манзилига айлантириши кутилмоқда.
Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, ушбу масканга кунига 3 минг нафаргача ташриф бўлиши кутилмоқда. Янги дам олиш ҳудуди аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, оилавий ҳордиқ чиқариши, сайр қилиши ва спорт билан шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган.
Лойиҳани амалга оширишда, энг аввало, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Сунъий кўл, яшил ҳудудлар, замонавий меъморий ечимлар ва сайр йўлакларини ўзида бирлаштирган ушбу маскан Тошкентнинг навбатдаги жозибадор гўшаларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА